Дата: 07.08.2015
Нотариус автомототранспорт воситаларини ва бошқа ўзи юрар машина ҳамда механизмларни, уларнинг номерли агрегат ва тиркама, ярим тиркамаларини бошқа шахсга ўтказиш (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента) ва бошқа турдаги битимларни тасдиқлайди.
Бундай битимларни тасдиқлаш ҳар бир фуқаро ёки юридик шахслар хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сонли қарори билан тасдиқланган автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатъий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган, “Давлат белгиси” ДИЧБда тайёрланадиган гербли махсус бланкаларда амалга оширилади. Бунда, бошқа шахсга бериш бўйича битимларни биринчи нусхаси гербли маҳхсус бланкада расмийлаштирилади.
18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Нотариуслар томонидан автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш автотранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади. Тақиқ ва хатловнинг йўқлиги ҳақидаги маълумот беш кун муддатда амал қилади.
Нотариуслар томонидан автотранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимлар тасдиқлангунга қадар автотранспорт воситалари автотранспорт воситаси рўйхатга олинган ёки битим тасдиқланаётган жойдаги ДЙХХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилиши ва техник паспортга белги қўйилиши шарт.
Автотранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги олди-сотди, айрибошлаш, ҳадя қилиш шартномалари ва бошқа турдаги битимлар нотариал тартибда тасдиқланган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида ДЙХХХ органларида рўйхатдан ўтказилиши керак. Бунда шартнома матнининг якуний қисмида ва тасдикловчи ёзувда “Ушбу шартнома ИИБнинг тегишли ДЙХХХ органларида ўн кун ичида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Мазкур талабни бажармаслик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади” деб ёзиб қўйилади.
Г.Мадаминова, Қўшкўпир туман 1-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси