Фаолиятингизни текширишга келишдими?

Дата: 06.08.2015    

Сизни бу ҳақда аввалдан хабардор қилишдими?

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг тутган ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бораётганлиги сабабли давлатимиз томонидан ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Амалга оширилган ишлар самарасини тадбиркорлик субъектлари сони йилдан-йилга ошиб бораётганида, иқтисодиётимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши ортаётганида, ич­ки бозор рақобатбардош ва сифатли товарлар билан тўлаётганида, замон талабларига жавоб берадиган хизмат 
кўрсатиш соҳасининг кенгаяётганида, экспорт ҳажмининг ортиб бораётганида янги иш ўринларининг яратилгани ва шу асосда аҳоли даромади ҳамда фаровонлигининг ошиб бораётганида кўриш мумкин.

Президентимизнинг 2015 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ҳукумат комиссиясига мустақилликка қадар мамлакатимизда умуман мавжуд бўлмаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоизидан ортиғини ишлаб чиқараётгани, мазкур тармоқда жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи меҳнат қилаётгани 
ва бошқа мисоллар ор­қали юртимизда бу соҳа жадал ривожланиб, ўрта синф — мулкдорлар синфининг жамият таянчига айланиб бораётганини намоён этиш вазифаси юклатилди.

Ушбу кўрсаткичларни Хоразм вилояти миқёсида олиб кўрадиган бўлсак, ҳозирги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан вилоят ялпи ички маҳсулотининг 73,9 фои­зи ишлаб чиқарилмоқда, мазкур тармоқда аҳолининг 75 фоизи меҳнат қилмоқда.

Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўз­гартириш ва диверсифика­ция­лаш дастурларини амалга ошириш ишларини тизимли ташкил этишга бағишланган кенгайтирилган мажлисида ҳам хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга катта эркинлик бериш, уларни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини ҳар томонлама таҳлил қилишга эътибор берилиб, кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар фақат биринчи ярим йилликнинг ўзидагина 15,2 мингта янги кичик бизнес субъектларини ташкил этишга кўмаклашгани, бу 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоизга кўплиги, кичик бизнес субъектларига 6,4 триллион сўм ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баравар кўп банк кредитлари ажратилгани қайд этиб ўтилди.

Махсус ташкил этилган ишчи комиссия ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларига хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга 
ва унинг устуворлигини мустаҳкамлашга, қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлимини яратишга йўналтирилган бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифаси топширилди.

Мазкур белгиланган устувор вазифалар доирасида адлия органлари, шу жумладан, Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам 2015 йилнинг биринчи ярмида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари инвентаризация қилиниб, уларнинг ижроси юзасидан жойларда ўтказилган назорат ва мониторинг тадбирлари ҳамда ўтказилган таҳлиллардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг ролини ошириш, уларнинг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини кучайтиришга қаратилган 20 га яқин таклиф ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлигига тақдим этилди.

Шунингдек, Адлия вазирлигининг топшириғи ва бошқарманинг 2015 йил 1-ярим йиллик иш режаси асосида 44 та давлат бош­қаруви ва назорат қилувчи органлар ҳамда бошқа тузилмалар фаолиятида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи юзасидан, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назорат ва мониторинг тадбирлари ўтказилди.

Тадбирлар давомида жами 1581 та, шундан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида текширишлар ўтказишда 146 та (4 та рухсатсиз текшириш, 142 та текшириш тартибини бузиш), молиявий жавобгарликка тортишда 27 та, маъмурий жавобгарликка тортишда 15 та, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб қўйишда 10 та, кредитлар ажратишда 13 та ва яна бошқа 1370 та қонунбузилиш ҳолати, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, вилоят “Сувназорат” инспекцияси томонидан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрирдаги), “Сув 
ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига зид равишда 27 та ноқонуний қарор қабул қилинган.

Масалан, Шовот туманидаги “Омонбой-2001” фермер хўжалиги раҳбари О.Ўразов вилоят “Сувназорат” инспекцияси инс­пектори Д.Ҳакимов томонидан фермер хўжалиги фаолиятида амалга оширилган назорат функцияси натижаси бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган далолатнома ва бошқа ҳужжатларни имзолашдан ва жарима санкцияларини ихтиёрий равишда тўлашдан бош тортган бўлса-да, 2014 йил 14 августда унга нисбатан 309849 сўм миқдорида молиявий жазо қўллаш тўғрисида ноқонуний қарор қабул қилинган.

Ваҳоланки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддаси мазмунига кўра тадбиркорлик субъектларига нисбатан молия­вий санкциялар фақат суд тартибида қўлланилиши, бундан ташкилотнинг ёки фуқаронинг содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлганлиги 
ва молия­вий санкция суммаларини ихтиёрий равишда тўлаганлиги ҳоллари мустасно, деб кўрсатилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан вилоят “Сувназорат” инспекциясига тақдимнома киритилиб, унинг муҳокама натижаси бўйича инспекторлар фаолиятини мувофиқлаштириб боришда ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган 3 нафар мансабдор шахснинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Шунингдек, прокуратура органларига киритилган таклифлар орқали ноқонуний қарорларнинг бекор қилиниши таъминланиб, судларга киритилган таклифлар орқали инспекциянинг 7 нафар инспектори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2411-моддаси билан жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари, “Банк сири тўғрисида”ги Қонунда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақларида пул маблағлари бор-йўқлиги ҳақида ахборот талаб қилиб олиш “Сувназорат” инспекциясининг ваколати дои­расига кириши умуман назарда тутилмаган бўлса-да, инспекция бошлиғи О.Ражабов томонидан Гурлан туманидаги “Юлдош Собир хўжа ўғли” фермер хўжалиги фаолиятига ноқонуний аралашиб, яъни унинг ҳисоб рақамидаги пул маблағи бўйича унга хизмат кўрсатувчи ТИФ Миллий банк Гурлан филиа­лидан маълумот талаб қилиб олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан инспекция бошлиғи О.Ражабовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддаси билан, яъни хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун суд органига таклиф билан чиқилди ва суд қарори билан унинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг февраль ойида ўтказилган назорат тадбирлари давомида айрим туман (шаҳар) Давлат санитария эпидемиология назорат марказлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширишлар жараёнида текшириш тартибига риоя қилмасдан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйиб келинганлиги аниқланди.

Мисол учун, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 102-моддасига мувофиқ назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт деб кўрсатилган бўлса-да, Шовот туман Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази томонидан 2013 йил 5 август куни тумандаги “Нурбек” дорихонасида ўтказилган текшириш бўйича, унинг раҳбари мазкур текшириш бошланишидан олдин умуман хабардор қилинмаган.

Мазкур Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ текшириш натижаларини далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштириб, унинг бир нусхасини текшириш тугаган куни текширилаётган хўжалик юритувчи субъект­да қолдириш назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш чоғида ўз ваколатлари доирасида бажариши шарт бўлган мажбуриятлардан бири сифатида кўрсатилган бўлса-да, Урганч шаҳар ДСЭНМнинг овқатланиш гигиенаси бўлинмаси мудири Б.Ниязов томонидан 2014 йилнинг 14-19 апрель кунлари “Нилуфар Солиҳа” хусусий корхонаси фаолиятида ўтказилган текшириш натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатноманинг бир нусхаси шу куни корхонада қолдирилмасдан, жорий 
йилнинг февраль ойига қадар текшириш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар йиғма жилдида сақлаб келинган.

Ушбу ҳолатларни бартараф қилиш ва келгусида такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида вилоят Давлат санитария эпидемиология назорат марказига киритилган тақдимнома натижаси бўйича айбдор ходимларнинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилиб, марказ томонидан бу борада келгусида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Адлия бошқармаси томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари, касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, қишлоқ жойларидаги фуқароларни жалб қилган ҳолда мунтазам равишда учрашувлар, семинарлар ва бош­қа ҳуқуқий-тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Ўтказилган семинар, очиқ мулоқотлар давомида жами 400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қатнашиб, улардан тушган 40 дан ортиқ саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилиши таъминланди ва улар олдидаги айрим муаммо­ли масалалар ижобий ҳал этилди.

Илгизар Сабиров, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи