Дата: 28.07.2015
Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг тутган ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бораётганлиги сабабли давлатимиз томонидан ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амалга оширилган ишлар самарасини мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг йилдан-йилга ошиб бораётгани, иқтисодиётимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг ортиб бораётгани, ички бозорни рақобатбардош ва сифатли товарлар билан тўлдирилаётгани, замон талабларига жавоб берадиган хизматлар кўрсатиш соҳасининг кенгайиши, экспорт таркибида жаҳон бозорларида харидоргир маҳсулотларнинг кўпайгани, янги иш ўринларининг яратилганлиги ва шу асосда аҳоли даромади ҳамда фаровонлигининг ошиб бораётганлигида кўришимиз мумкин.
Ушбу кўрсаткичларни Хоразм вилояти миқёсида олиб кўрадиган бўлсак, ҳозирги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан вилоят ялпи ички маҳсулотининг 73,9 фоизи ишлаб чиқарилмоқда, мазкур тармоқда жами иш билан аҳолининг 75 фоизи меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, мажлисда тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига мансабдор шахсларнинг тўсқинлик қилиши ёки ноқонуний аралашуви юзасидан масъулиятини янада ошириш тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, рўйхатга олиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиботларини янада соддалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатда мулкчиликнинг устувор шакли сифатида хусусий мулкни ва кичик бизнесни янада ривожлантиришга кўмаклашиши алоҳида таъкидланди.
Шу муносабат билан махсус ташкил этилган ишчи комиссия ва тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига дастур доирасида хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга ва унинг устуворлигини мустаҳкамлашга, қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлимини яратишга йўналтирилган бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифаси топширилди.
Мазкур белгиланган устувор вазифалар доирасида адлия органлари, шу жумладан Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари инвентаризация қилиниб, уларнинг ижроси юзасидан жойларда ўтказилган назорат ва мониторинг тадбирлари ҳамда ўтказилган таҳлиллардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг ролини ошириш, уларнинг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини кучайтириш қаратилган 20 га яқин таклиф ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлигига тақдим этилди.
Шунингдек, Адлия вазирлигининг топшириғи ва бошқарманинг 2015 йил 1-ярим йиллик иш режаси асосида 44 та давлат бошқаруви ва назорат қилувчи органлар ҳамда бошқа тузилмалар фаолиятида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи юзасидан, шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказилиши-нинг қонунийлиги устидан назорат ва мониторинг тадбирлари ўтказилди.
Ўтказилган назорат ва мониторинг тадбирлари давлат бошқаруви ва назорат қилувчи органларнинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятида тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар билан биргаликда, афсуски, хали-ҳанузгача хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида турли маъмурий ғов ва тўсиқлар учраётганлиги, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатлари кузатилаётганлигини кўрсатди.
Жумладан, вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга оширилган назорат ва мониторинг тадбирлари давомида жами 1581 та, шундан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида текширишлар ўтказишда 146 та (4 та рухсатсиз текшириш, 142 та текшириш тартибини бузиш), молиявий жавобгарликка тортишда 27 та, маъмурий жавобгарликка тортишда 15 та, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб қўйишда 10 та, кредитлар ажратишда 13 та ва яна бошқа 1370 та қонунбузилиш ҳолатлари, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Жумладан, Шовот туманида фаолият кўрсатиб келаётган “Омонбой-2001” фермер хўжалиги раҳбари О.Ўразов Хоразм вилоят “Сувназорат” инспекцияси инспектори Д.Хакимов томонидан фермер хўжалиги фаолиятида амалга оширилган назорат функцияси натижаси бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган далолатнома ва бошқа ҳужжатларни имзолашдан ва жарима санкцияларини ихтиёрий равишда тўлашдан бош тортган бўлсада, 2014 йил 14 август куни унга нисбатан 309849 (уч юз тўққиз минг саккиз юз қирқ тўққиз) сўм миқдорида молиявий жазо қўллаш тўғрисида ноқонуний қарор қабул қилинган.
Ваҳоланки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 42-моддасида тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкциялар фақат суд тартибида қўлланилиши, бундан ташкилотнинг ёки фуқаронинг содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлганлиги ва молиявий санкция суммаларини ихтиёрий равишда тўлаганлиги ҳоллари мустасно,-деб, кўрсатилган.
Мазкур ҳолатларнинг бартараф қилиниши юзасидан Хоразм вилоят “Сувназорат” инспекциясига тақдимнома киритилиб, унинг муҳокама натижаси бўйича инспекторлар фаолиятини мувофиқлаштириб боришда ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган 3 нафар мансабдор шахснинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Шунингдек, прокуратура органларига киритилган таклифлар орқали ноқонуний қарорларнинг бекор қилиниши таъминланиб, судларга киритилган таклифлар орқали инспекциянинг 7 нафар инспектори Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2411-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Банк сири тўғрисида”ги қонун ҳужжатларида хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақларида пул маблағлари бор-йўқлиги ҳақида ахборот талаб қилиб олиш “Сувназорат” инспекциянинг ваколат доирасига кириши умуман назарда тутилмаган бўлсада, инспекция бошлиғи О.Ражабов томонидан Гурлан туманида фаолият кўрсатиб келаётган “Юлдош Собир хўжа ўғли” фермер хўжалиги фаолиятига ноқонуний аралашиб, яъни унинг ҳисоб рақамидаги пул маблағи бўйича унга хизмат кўрсатувчи ТИФ Миллий банк Гурлан филиалидан маълумот талаб қилиб олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан инспекция бошлиғи О.Ражабовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддаси билан, яъни хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқишлик учун суд органига таклиф билан чиқилди ва суд қарори билан унинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг февраль ойида ўтказилган назорат тадбирлари давомида айрим туман (шаҳар) Давлат санитария эпидемиология назорат марказлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширишлар жараёнида текшириш тартибига риоя қилмасдан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйиб келинганлиги аниқланди.
Мисол учун, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 102-моддасига мувофиқ назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда, ёзма шаклда хабардор қилиши шарт деб кўрсатилган бўлсада, Шовот туман Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази томонидан 2013 йил 5 август куни туманда фаолият кўрсатиб келаётган “Нурбек” дорихонасида ўтказилган текшириш бўйича, унинг раҳбари мазкур текшириш бошланишидан олдин умуман хабардор қилинмаган.
Мазкур қонуннинг 17-моддасига мувофиқ текшириш натижаларини далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштириб, унинг бир нусхасини текшириш тугаган куни текширилаётган хўжалик юритувчи субъектда қолдириш назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш чоғида ўз ваколатлари доирасида бажариши шарт бўлган мажбуриятлардан бири сифатида кўрсатилган бўлсада, Урганч шаҳар ДСЭНМнинг овқатланиш гигиенаси бўлинмаси мудири Б.Ниязов томонидан 2014 йилнинг 14-19 апрель кунлари “Нилуфар Солиҳа” хусусий корхонаси фаолиятида ўтказилган текшириш натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатноманинг бир нусхаси шу куни корхонада қолдирилмасдан, жорий йилнинг февраль ойига қадар текшириш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар йиғма жилдида сақлаб келинган.
Ушбу ҳолатларни бартараф қилиш ва келгусида такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида Хоразм вилоят Давлат санитария эпидемиология назорат марказига киритилган тақдимнома муҳокам натижаси бўйича айбдор ходимларнинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилиб, марказ томонидан бу борада келгусида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шунингдек, Урганч шаҳар ДСЭНМнинг овқатланиш гигиенаси бўлинмаси мудири Б.Ниязовнинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2411-моддаси билан, яъни қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлиги учун маъмурий жавобгарлик масаласи суд тартибида ҳал этилди.
Булардан ташқари, ДАТ “Асакабанки” Хоразм вилоят филиали томонидан тадбиркорлик субъектларига нақд пул олишда тўсқинлик қилиб келинганлиги аниқланди.
Жумладан, Матчанов Низомжон Азаматович ДАТ “Асакабанк” Хоразм вилоят филиали бошқарувчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўла туриб, “Азизбек Жасурбек” хусусий фирмаси томонидан тақдим қилинган чек асосида 2,0 млн. сўм миқдорда нақд пул олиш юзасидан қилган мурожаатини асоссиз равишда рад этиб, фирманинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаган.
Шунингдек, Урганч шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Эгамов Азаматнинг 50,0 млн. сўм миқдорда, Шовот туманидаги “Uztex Shovot” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ишчи-ходимларининг ойлик маоши учун 43,3 млн. сўмлик нақд пул олиш юзасидан ДАТ “Асакабанк” Хоразм вилоят филиалига қилган мурожаатлари ҳам анча вақт мобайнида ижобий ҳал этилмасдан келинган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сонли Фармони ижроси бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, мазкур Фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари даъволарини кўриб чиқиш муддати жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали тезлаштиришни таъминлаш бўйича суд органлари роли ва фаолияти самарадорлигини янада оширишни назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида бу борадаги қонун ҳужжатлари инвентаризация қилиниб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари даъволарини кўриб чиқиш муддатлари бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ундаги муаммолар кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Фармон талабларидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Ягона марказлари ташкил этиш мақсадида турли идора ва ташкилотлар ҳузуридаги “бир дарча” хизматлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари инвентаризациядан ўтказилиб, инспекциялар негизида ташкил этилиши режалаштирилаётган “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Ягона марказлар фаолиятига интеграция қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилди.
Булардан ташқари, адлия бошқармаси томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари, касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, қишлоқ жойларидаги фуқароларни жалб қилган ҳолда мунтазам равишда учрашувлар, семинарлар ва бошқа ҳуқуқий-тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида 4 маротаба адлия бошқармаси биносида тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокида семинар тадбирлари ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг мазмун-моҳияти юзасидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилди, шунингдек тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Боғот, Хонқа ва Қўшкўпир туманларида очиқ мулоқотлар ўтказилди.
И.Сабиров, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи