Ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон бўлиши йўлида

Дата: 29.06.2015    

Мамлакатимизда эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш изчил амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда бозор муносабатларини босқичма-босқич жорий этиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, айниқса, унинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, бунда авваламбор ҳар бир шахсда мулкка нисбатан эгалик қилиш, ўз мулкий ҳуқуқларини амалга оширишдан манфатдор бўлиш ҳиссини шакллантириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳимоясини таъминлаш мақсадида бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий асослари, унинг қонунчилик базасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада сўз борганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Концепцияда бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш масалаларига келганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти: “Биринчи навбатда, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашимиз, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратишимиз зарур”, -деб алоҳида таъкидлаган.

Шу мақсадни рўёбга чиқаришни назарда тутиб, парламентимиз томонидан бозор иқтисодиётининг ­негизи ҳисобланган хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган асосий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун қабул қилиниши тадбиркорларнинг ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириш, ўз мулкига ўзи мустақил эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этишининг ҳуқуқий кафолатларини янада кенгайтирди.

Тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Бу қонун тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун зарур бўлган рухсат бериш тартиб-қоидаларини қатъий чекланган рўйхати ва турларини аниқ белгилаб қўйиш, қонунда назарда тутилмаган ортиқча рухсатнома ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тадбиқ этилишини кескин тақиқлабгина қолмай, юқорида айтиб ўтилган мақсадларга хизмат қилишни кўзда тутган.

Кичик бизнес ва тадбиркорликни кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнеснинг ҳуқуқий асослари яратилди. “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилингани туфайли, ҳеч шубҳасиз, юртимизда оилавий бизнеснинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида унинг жадал ва кенг ривожланиши ва янги иш ўринларининг очилишига қулай имкониятлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бир қатор қонунлар янада такомиллаштирилди. Жумладан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари янги таҳрирда қабул қилинди.

Олиб борилган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, ўтган давр мобайнида халқ хаёти сифати, мамалакатимиз қиёфаси қандай ўзгариб бораётгани, қандай ютуқ ва натижаларга эришганимиз барчага аён.

Шу ўринда қуйидаги статистик маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунга келиб 56 фоизга етди, иш билан банд аҳолининг 77 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Ер, Солиқ ва Божхона кодекслари ҳамда “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”ги, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Микромолиялаш тўғрисида”ги қонунлар мамлакатимизда бозор ислоҳотларининг жадаллашишига хизмат қилмоқда.

Хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётимизда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан чет эл капитали иштирокидаги улушни изчил ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2015 йил 15 май куни “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиш бўйича амалга ошириладиган ўттиз учта чора-тадбирларни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланди.

Фармоннинг аҳамиятли томони шундаки, унда бир томондан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасига ошириш кўзда тутилган бўлса, иккинчи томондан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, ушбу Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд ва Олий хўжалик судига бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилгани ва ноқонуний аралашгани учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш топширилган.

2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик) деб номланувчи алоҳида XVI1-боб билан тўлдирилиши кўзда тутилмоқда.

Унда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилишнинг тартибини бузганлик, давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузганлик, тадбиркорлик фаолияти субъектидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилганлик, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ва (ёки) банк ҳисобварақ операцияларини ноқонуний тўхтатганлик, хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобрақамларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисида маълумотларни асоссиз талаб қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларни пул маблағларини ажратиш билан боғлиқ ҳайрия ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этганлик, рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун алоҳида маъмурий жарималарни назарда тутувчи маъмурий жавобгарликни ошириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ушбу Кодексда тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бинолар ва бошқа иншоотларни шу мулкнинг бозор қийматини қопламасдан бузиб ташлаганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органларининг тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни кўп маротаба бузган мансабдор шахсларига нисбатан эса жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Айни вақтда, ушбу Фармон билан тасдиқланган Дастур доирасида тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий, жиноят ва тадбиркорлик соҳасидаги бошқа қонунчиликни янада либераллаштиришни назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга оширилиши кўзланмоқда.

Жумладан, агар шахс Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) илк маротаба содир этиб, жиноят аниқланган кундан 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа молиявий жарималарни тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан улар томонидан соҳта банкротлик ва банкротликни яшириш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмаслигини назарда тутувчи қўшимчалар киритилади.

Савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни (Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 188-моддасида назарда тутилган савдо ёки воситачилик фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиш, 189-моддасида назарда тутилган савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш назарда тутилмоқда. Жуда катта миқдорда зарар етказилишига олиб келган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно.

Тадбиркорлик тузилмалари ва бошқа нодавлат ташкилотларида маъмурий-тақсимот ва маъмурий-хўжалик ваколатларини амалга оширувчи мансабдор шахслар жавобгарлигини юмшатиш чоралари белгиланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ноқонуний равишда моддий мукофот лганлик (тижорат пораси), ваколатларни суиистеъмол қилганлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун нисбатан юмшоқ жазо чораларини назарда тутувчи алоҳида моддалар киритилади. Юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар натижасида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмаслиги кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, илгари “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар улар томонидан ваколатли органлар ва ташкилотларга кичик тадбиркорлик субъектлари эканлиги ҳақида хабарнома тақдим этган ҳолда қилинган мурожаатлар асосида берилар эди.

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари учун кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланишда турли ёзма аризалар билан мурожаат қилишнинг ҳожати бўлмайди.

2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибда иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилиши албатта тадбиркорни рухлантиради.

Якка тадбиркорлар томонидан касб-ҳунар коллежи битирувчилари ишга ёлланган ҳолатда эса улар коллежни битиргандан бошлаб 12 ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилиши зарур имтиёзлардан ҳисобланади.

Булардан ташқари чора-тадбирлар Дастурида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни янада тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, мазкур Дастурга мувофиқ 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб режали текширишлар ўтказишнинг ягона тартиби ва даврийлиги жорий этилади. Мазкур тартибга кўра, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган, бошқа хўжалик субъектларини текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгашининг қарори билан амалга оширилиши белгиланган. Айни пайтда молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни амалга ошириш муддати 30 календарь кунидан 10 кунгача қисқартирилмоқда.

Бунда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида комплекс режали текширишлар белгиланишидан олдин ҳуқуқбузарликнинг олдин олиш борасида олиб борилган ишлар, текшириш давомида йўл қўйилган хатоликларни тўғирлаш имконияти таклиф қилинганлиги, текшириш натижалари бўйича тадбиркорлик субъектларини тугатиш даржасига етказилишини бартараф этиш чораларининг кўрилганлиги улар ишини баҳолашнинг асосий мезонлари сифатида белгиланди.

Кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга қўлланиладиган мораторий мезонлари сони учдан иккига қисқартирилади.

Эндиликда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган ва ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга мораторий қўлланилади, яъни белгиланган давргача бундай тадбиркорлик субъектлари фаолиятида молия-хўжалик фаолияти солиқ текширувидан ўтказилмайди.

Қўзғатилган жиноят ишлари доирасида назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг текширувлари хўжалик юритувчи субьектлар томонидан жалб қилинган адвокатлар иштирокида амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда.

Дастурда юқорида қайд этилгандан ташқари, барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Эндиликда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида автоматлаштирилган тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш тизими орқали 24 соат ичида узлуксиз амалга оширилади.

Давлат хизматларини фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “бир дарча” хизматларининг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Ягона марказлар ташкил этиш юзасидан ишлар жадал олиб борилмоқда. Ушбу марказларнинг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шу муддатдан бошлаб “бир дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланиши белгиланди.

Ҳозирги кунда бу борада адлия органлари, шу жумладан Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят адлия бошқармаси томонидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Ягона марказлар ташкил этилиши мақсадида турли идора ва ташкилотлар ҳузуридаги “бир дарча” хизматлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари инвентаризациядан ўтказилиб, уларни инспекциялари негизида ташкил этилиши режалаштирилаётган “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Ягона марказлар фаолиятига интеграция қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари, касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, қишлоқ жойларидаги фуқароларни жалб қилган ҳолда мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Мазкур Фармон ижросини қатъий таъминлаш мамлакатимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириб, тадбиркорлик субъектларининг сони ошишига, янги иш ўринлари яратилишига ва ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон бўлишига хизмат қилади.

И.Сабиров, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи