Дата: 19.06.2015
Халқ ўртасида мерос деганда, вафот этган шахсдан қолган мол-мулк тушунилади.
Ҳаётда ҳар бир шахс бошқа шахслар билан турли муносабатларда бўлади. Бу муносабатлар, албатта, шахснинг эркин иродаси билан вужудга келади. Вақт ўтиши билан бир муносабат бекор бўлади, иккинчиси вужудга келади. Уларнинг барчаси шахсий ёки мулкий муносабатлар бўлиб, маълум бир меъёрлар билан тартибга солинади. Муносабатда турган ҳар бир шахс муайян бир ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Бундай ҳуқуқ ва мажбурият, қоида тариқасида, шахс вафот этгандан сўнг ҳам ўз кучини сақлаб қолади. Бошқача қилиб айтганда, шахснинг вафот этиши бундай ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бекор бўлишига олиб келмайди. Масалан, кредит муассасаларига қўйилган маблағ, уни қўйган шахс вафот этганда ҳам банк омонати бериш мажбуриятидан озод бўлмайди. Мажбурият давом этади, аммо талаб қилиш ҳуқуқи бошқа шахсларга ўтади.
Фуқаро вафот этгандан кейин унинг барча ҳуқуқи ва мажбуриятлари ўз кучини сақлаб қолмайди, айримлари бекор бўлади.
Вафот этган шахснинг ҳаётлигида бошқа шахсга ўтиши мумкин бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари мерос тариқасида унинг ворисларига ўтади.
Шундай қилиб, шахснинг ҳаётлигида бошқа шахсларга ўтиши мумкин бўлган унинг ҳар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари мерос ҳисобланади ва ворислик ҳуқуқи асосида меросхўрларга ўтади.
Аниқроқ қилиб айтганда, вафот этган шахсга тегишли бўлган мулк – уй-жой, автомашина ва бошқа мол-мулкларга нисбатан бўлган мулк ҳуқуқи мерос тариқасида ўтади.
Фуқаролик қонунчилигида мерос ҳуқуқи, ворислик асослари, мерос таркиби, мероснинг очилиши, меросхўрлар тизими ва нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш асослари, васият бўйича ворисларнинг умумий қоидалари, меросдан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқи, меросни муҳофаза қилиш, уни бошқариш, меросни эгаллашнинг умумий қоидалари, меросга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш, меросни тақсимлаш, меросдан воз кечиш ҳуқуқлари, ҳозир бўлмаган ворисларнинг ҳуқуқлари, мерос-мулкка нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган шахслар, мерос мулкдан қилинадиган харажатлар, эгасиз қолган мерос мулкининг тақдирини белгилаш ва меросга оид ҳуқуқий нормалар йиғиндисидан иборатдир.
Ворис деганда, қонунда белгилаб қўйилган мерос қолдирувчининг қариндошлик муносабатлари билан боғланган авлод ва аждодлари, унинг қаромоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз боқимлари (қонун бўйича ворислар), шунингдек, қонунда белгиланган тартибда ва шартларга риоя қилиб, мерос қолдирувчи томонидан тайинланган, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари олингач, мероснинг ўтиши лозим бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган шахслар (васият бўйича ворислар) тушунилади.
Ворислик ҳуқуқи, қонунда белгиланган ёки мерос қолдирувчи томонидан васиятномада кўрсатилган тартибда ва шартларга асосан унга тегишли бўлган мулк ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар меросхўрларга ўтиш тартибини белгилайди.
Фуқаролик қонунида ворислик деб, марҳум фуқаро мулкининг қонунларда белгиланган бир ёки бир нечта шахсларга (ворисларга) ўтишига айтилади.
Ворислик ҳуқуқи деб, фуқаронинг вафот этганидан сўнг мулкнинг бошқа шахсларга (ворисларга) ўтказилишида вужудга келадиган муносабатларнинг тартибга соладиган ҳуқуқий нормалар йиғиндисига айтилади.
Ворислик – бу ижтимоий муносабатларнинг алоҳида бир тури ҳисобланиб, мол-мулкни ёки мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бир шахсдан (мерос қолдирувчидан) иккинчи шахсга (меросхўрларга) ўтиши билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам у ҳаммадан аввал, иқтисодий ҳодиса сифатида ва вафот этган шахснинг мулкини, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсларга ўтиш тартибини белгилайди.
Ворислик ҳуқуқи мерос ҳуқуқининг бир бўлаги сифатида унинг амал қилишини таъминлайди, мерос таркибига кирган мол-мулк ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни меросхўрларга ўтиш қоидаларини ўз ичига олади.
Ворислик ҳуқуқи фуқаролар вафот этганда уларнинг маълум бир ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсларга ўтиш тартибини белгилаб берувчи фуқаролик ҳуқуқий нормалар йиғиндисидан иборатдир.
Шундай қилиб, ворислик ҳуқуқи-бу мерос очилган пайтда вафот этган шахсга тегишли бўлган мол-мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни меросхўрларга ўтиш тартиби ва шартларини белгилаб берувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндисидан иборат.
Демак, ворислик ҳуқуқининг вазифаси вафот этган шахснинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсларга, меросхўрларга ўтишини қонун билан белгиланган тартибда таъминлашдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига асосан, ворислик икки асосда вужудга келади. Биринчидан васият бўйича ва иккинчидан, қонун бўйича.
Мулкдор ўзига тегишли бўлган хусусий мулкнинг тақдирини ўзи вафот этгандан сўнг унинг маълум бир шахс томонидан тасарруф қилиниши белгиланмаган ҳолларда қонун бўйича ворислик амалга оширилади.
Бундан ташқари, қонун бўйича ворислик: васиятнома қисман ёки бутунлай ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда; иккинчидан, мерос мулкининг ҳаммаси васият қилинмасдан қолган тақдирда, васият қилинмаган қисмига; учинчидан васият бўйича меросхўр мерос очилгандан кейин меросни қабул қилиб олмасдан вафот этган бўлса; тўртинчидан, васият бўйича меросхўр меросни олишдан бош тортган ёки ундан воз кечган ҳолларда вужудга келади.
Қонун бўйича меросхўр мерос қолдирувчи билан қон-қариндошлик ришталари билан боғланган унинг аждодлари ва авлодлари, оила аъзолари, меҳнатга лаёқатсиз, унинг қарамоғида бўлган, оила аъзоси бўлмаган шахслар бўлишлари мумкин.
Демак, қонун бўйича меросхўр бўлиш учун нафақат мерос қолдирувчининг расман қон-қариндошлари бўлиши, шунингдек, амалда ҳаётда ҳам яқин кишилари бўлиши мумкин.
Қонун бўйича ворислик муносабати билан мерос қолдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўтиш тартиби ва шартлари қонунда белгилаб қўйилган бўлади. Мерос мулк қонунда белгиланган тартибда, миқдорда ва тартибда меросхўрлар ўртасида тақсимланади. Қонунда белгиланган шахсларга ёки белгиланган тартибни бузиб, мерос мулкни яқин қариндошларига ёки бошқа яқин кишиларига, мерос қолдирувчининг қорамоғида бўлмаган шахсларга бериш мумкин эмас.
Қонун бўйича ворислик ҳуқуқи мерос қолдирувчининг вафоти ёки унинг суд қарори билан вафот этган деб эълон қилиниши билан бирданига ва тўлиғича меросхўрларга ўтади.
Васият бўйича ворислик мерос қолдирувчининг эрки билан вужудга келади. Мерос қолдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини меросхўрлар ўртасида тақсимлаш, мерос қолдирувчининг эрки билан амалга оширилади.
Меросдан четлаштириш ёки мерос олишдан маҳрум қилиш фақат қонунда белгиланган асосларда ва тартибда суд томонидан ҳал қилинади.
Ворислик асослари қонун бўйича ворисликда ҳам, васият бўйича ворисликда ҳам келишув мавзуси бўлиши мумкин эмас. Аммо ҳаётда ва ҳатто, суд амалиётида ҳам бундай келишувлар учраб туради. Масалан, нотариал тартибда тасдиқланган васиятномага асосан фуқаро Ражапов ўзига тегишли бўлган уй-жойни ва жамғарма банкида сақланаётган омонат маблағини набираси Баҳодиржонга васият қилиб қолдирган. Ражапов вафотидан сўнг унинг вояга етган болалари судга мурожаат қилиб мерос қолдирувчи оғир касаллиги сабабли васиятномага имзо қилиш имконияти бўлмаган, васиятнома қалбакилаштирилган деган асосда уни ҳақиқий эмас деб топишни сўраганлар, аризани кўрган туман суди иш юритишни бекор қилиб, тарафларнинг мерос мулкини тақсимлаш ҳақидаги ўзаро келишувини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқарган. Вилоят судининг раёсати вилоят прокурорининг назорат тартибида берган протестини рад қилиб, туман суди ажримини кучда қолдирган. Республика бош прокурори ўринбосарининг протести билан Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича суд ҳайъати туман судининг ажрими ва вилоят судининг қарорини бекор қилиб, ишни қайтадан кўришга юборган. Олий суд ҳайъати қарорида, иш бўйича васиятноманинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини аниқламасдан туриб, масалани ҳал қилиш мумкин эмаслигини ва бу масалада, васият бўйича, шунингдек, қонун бўйича ворисликда ворислик асослари келишув мавзуи бўлиши мумкин эмаслигини кўрсатган.
Меҳрибон Ҳасанова, Урганч шаҳар 6-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси