“Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари”

Дата: 19.06.2015    

Халқимиз ижтимоий-иқтисодий турмушида рўй бераётган ижобий ўсиш-ўзгаришлар мамлакатимизда “Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчиллик билан босқичма-босқич рўёбга чиқариш борасида ҳуқуқий ислоҳотлар маваффақиятли суратда амалга оширилаётганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг эълон қилиниши, бу борадаги стратегик саъй-ҳаракатларнинг янги босқичи бўлди.

Маълумки, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини янада ошириб бориш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларда уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. «Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини изчиллик билан босқичма-босқич рўёбга чиқариш, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтлари-ни ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2013 йил 12 декабрдаги Қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қабул қилинди.

Мазкур қонун ҳужжатлари фуқаролик жамияти институларининг ижтимоий фаоллигини оширишда, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратишда ҳал қилувчи омил сифатида мазкур тизимни кенг ривожлантириш, уни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган қулай шарт-шароит, имтиёз ва имкониятлар шаклланиши учун муҳим замин яратди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги Қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом билан нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга ҳисоботларни бир йилда бир марта топширилиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан режалаштирилган тадбирлар тўғрисидаги ахборотни ёки режалаштирилган тадбирлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўз вақтида келишиш учун адлия органига тақдим этишлари белгиланди.

Мазкур қарорнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 4 июнь куни Адлия вазирининг буйруғи билан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Ушбу низом эса ўз навбатида тадбир тушунчасини кенг миқёсида таърифлаб бериш билан бир вақтда, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирларни келишиш бўйича тушунарли ҳамда оддий механизмини, муддатларини, адлия органлари билан келишилиши лозим бўлган тадбирлар турини белгилаб берди.

Яъни, ушбу низомга кўра Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат ҳудудида бевосита нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташкиллаштирилган, ўз уставида (низомида) белгиланган мақсадларга эришиш учун конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, учрашув, симпозиум ва бошқа шаклларда шахсларни тўплаш тадбир деб эътироф этилди.

Шунингдек, низомга асосан нодавлат нотижорат ташкилотларининг уставига (низомига) мувофиқ унинг раҳбар органлари йиғилишлари, башарти уларда учинчи шахсларнинг (Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари) иштирок этиши назарда тутилмаганда, нодавлат нотижорат ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, давлат дастурлари ва миллий режаларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг девони, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларида ўтказилиши назарда тутилган тадбирлари, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланган ёки улар билан келишилган режаларга мувофиқ ўтказиладиган оммавий жисмоний-тарбия ва спорт тадбирлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Вазирлар Маҳкамаси-нинг 2014 йил 29 июлдаги Қарори билан тасдиқланган “Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари”га мувофиқ ўтказиладиган оммавий тадбирлари (ваколатли орган томонидан берилган рухсатнома нусхаси тақдим этилади) ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилининг иштирок этиши адлия органлари билан келишиш талаб этилмаслиги қатъий белгилаб берилди.

Ушбу қонун ҳужжатлари нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни соддалаштирибгина қолмасдан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий фаоллигини янада ошириб, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда уларнинг ролини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.

Сардорбек Авезов, Хоразм вилоят адлия бошқармасининг Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бўлими бошлиғи