Халқимизнинг демократик тафаккурини шакллантириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. 1997 йил 29 августдаги “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури” бу соҳада ташланган салмоқли қадам бўлди ва стратегик аҳамиятга молик ҳуқуқий ҳужжат мақомини олди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, жамиятда юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни бой маданий меросимиз, миллий ва тарихий анъаналаримизга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, демократия ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг ҳал қилувчи омилидир.
Ҳуқуқий маданият фуқаролик жамияти маънавий камолоти, давлатчилик равнақи ва ҳуқуқий тизим етуклигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.
Инсоннинг ҳуқуқий маданияти даражаси унинг ҳуқуқий қадриятлар, қонунлар мазмунини ўз шуурига қанчалик сингдира олиш салоҳияти билан белгиланади.
Шахснинг ҳуқуқий маданиятини тавсифловчи жиҳатлар анчагина ва улар ҳуқуқий мезонлар мазмунини мукаммал билиш, қонунга ва ҳуқуқий институтларга чуқур ҳурмат, юксак ижтимоий-ҳуқуқий фаоллик, ҳуқуқий меъёрлар талабига ихтиёрий тарзда, ички эътиқод амри билан риоя этиш каби хос хусусиятларда намоён бўлади.
Кўпчиликка маълумки, Адлия вазирлиги ташаббуси билан таниқли ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчилар ва экспертлардан иборат Республика тарғибот гуруҳи ташкил этилганлиги ва ушбу гуруҳ ҳудудларда “Ватанпарварлик нафақат ўз юртингни бало-қазолардан асраш, балки унинг тараққиёти учун курашиш ҳам демакдир” мавзуида тарғибот тадбирларини ўтказаётганлиги айни муддао бўлди. Бу тадбир бизнинг Хоразм вилоятида ҳам бўлиб ўтди. Бундай тадбирлар ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳининг янада кенг қулоч ёйишига, энг асосийси, бундай тадбирлар ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Жамият қонунларига итоатсизлик, жиноий қилмишларга мойиллик ва уни содир этиш каби иллатлар ҳеч шубҳасиз ижтимоий-сиёсий, маданий ва маънавий савия, шу жумладан, ҳуқуқий маданиятнинг пастлигидан далолат беради.
Шахснинг маънавий савияси ҳуқуқий воқеликни идрок этиш салоҳияти, ҳуқуқни эъзозлаш, унинг талабларига нисбатан камарбасталиги ва ҳурмат-эътиқод ҳисси сингари мезонлар билан ўлчанади. Бироқ аҳоли, шу жумладан, ёшлар ҳуқуқий маданият даражасига кўра, турли тоифага бўлинадилар. Жумладан, мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий маданияти ишчи ёшларнинг ҳуқуқий савиясидан, ўз навбатида, қишлоқ ёшларининг ҳуқуқий тафаккури талаба-ёшларникидан, навқирон ёшли тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги эса ёши нисбатан катталардан бирмунча фарқланиши, шу аснода, зиёлилар, хизматчилар, ишчилар, деҳқонлар ва бошқа тоифа вакилларининг ҳуқуқий дунёқараши ҳам турлича эканлигини назарда тутмоқ зарур.
Биз интилаётган фуқаролик жамияти юксак маънавий заминга, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги ва чинакам ҳуқуқий маданиятига таянади. Фуқаролик жамиятида ижтимоий алоқалар, шу жумладан, ҳуқуқий муносабатлар ниҳоятда адолатли бўлмоғи, ҳалоллик, поклик, инсоф, иймон-эътиқод ва чин инсоний виждон меъёрлари асосида қурилмоғи лозим.
Адолат ва инсонпарварлик, саховатпешалик каби мўътабар қадриятлар одамлар ўртасидаги муносабатларни белгиловчи мезон сифатида майдонга чиқади. Фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий маданияти демократик ва адолатли қонунлар тизими мавжудлиги, ҳуқуқ ва қонун устуворлиги, барчанинг ҳуқуқий тенглиги, ижтимоий адолат тантанасига ва инсон шахси улуғворлигига асосланади.
Д.Матрасулов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси масъул ходими