Дата: 15.04.2015
Юртимиздаги ҳар бир оила жамиятнинг ўзаги ва негизини ташкил этади. Ҳар бир халқ, миллатнинг бардавомлигини сақловчи, миллий қадриятлар ривожини таъминловчи, авлодлар ўртасидаги риштани мустаҳкамловчи, маънавий етук, ахлоқан пок, руҳан соғлом ва жисмонан баркамол авлодни тарбияловчи инсонлардан таркиб топган иттифоқдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларининг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади»,- деб белгилаб қўйилган.
Оила кодексининг 17-моддасига асосан никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек тиббий, ирсий ҳамда оилани режалаштириш масалалари бўйича маслаҳат бериш, никоҳланувчи шахсларнинг розилиги билан давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан амалга оширилади. Никоҳланувчи шахсни кўрикдан ўтказиш натижалари шифокор сири ҳисобланади ва у никоҳланувчи шахсга фақат кўрикдан ўтган шахснинг розилиги билан билдирилиши мумкин.
Башарти, никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одам иммунитети тақчиллиги вируси борлигини бошқасидан яширган бўлса, шу шахснинг никоҳи ҳақиқий эмас топишни талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Оиладаги соғлом муҳит-соғлом жамият, соғлом миллатга асос солади ва унинг ривожланишида етакчилик қилади. Давлатимиз томонидан чиқарилган қарорлар оилаларнинг мустаҳкам бўлишига, соғлом ота-оналардан соғлом фарзандлар дунёга келишига қаратилган.
Шулардан бири, 2004 йилнинг 1 январидан кучга кирган Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги” Қарори соғлом оила бунёд этишни таъминловчи муҳим ҳужжатдир.
Тиббий кўрикдан ўтказишнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25 август 2003 йилги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси оила кодексининг 17-моддасини бажариш юзасидан ҳамда соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш учун шарт-шароитлар яратишдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори асосида никоҳдан ўтувчи келин-куёвни ирсиятга таъсир этувчи 5 та касаллик (руҳий, гиёҳвандлик, захм, сил ва ОИТС-СПИД) касаллиги бўйича чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу Қарор ижроси бўйича Урганч шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан “Ёш оила қурувчилар мактабларида, касб-ҳунар коллежларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида “Соғлом ота-онадан соғлом фарзанд”, “Эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари”, “Оила мустаҳкам бўлишида тиббий кўрикнинг аҳамияти”, “Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва шу каби турли иллатларнинг оила муҳитига салбий таъсири” мавзуларида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 2015 йил 3 ойи давомида бўлим томонидан 642 та никоҳланувчи тиббий кўрикдан ўтказилиб никоҳлари қайд қилинди. Тиббий кўрик натижалари бўйича 8 та касаллик аниқланди.
Ирсиятга таъсир этувчи касалликка эътиборсизлик оқибатида туғиладиган ногирон фарзанд ҳам оила учун, ҳам жамият учун қандай моддий ва маънавий фожиа эканлиги ҳаммамизга маълум. Албатта, соғлом ота-оналардан соғлом фарзандлар дунёга келади.
Агар оилада келин ёки куёв бирон-бир дардга чалинган бўлса, фарзанднинг соғлом туғилишига ҳеч ким кафолат бера олмайди, бундай оилани чинакам бахтиёр оила деб ҳам бўлмайди.
Муҳтарам Президентимиз айтганларидек “Оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарор” – деган сўзларини шиор қилиб бўлим ҳозирги кунда шаҳар маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш бўлими билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.
И.Қурбанбаева, Урганч шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси