Дата: 03.04.2015
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири саналади. Бу борада Адлия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий адлия органлари, шу жумладан Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бошқарма томонидан тадбиркорлик соҳасида қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижроси бўйича назорат ва тизимли равишда мониторинг тадбирларининг ўтказиб борилиши, тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар, ижтимоий сўровлар ўтказилиб, уларнинг муаммоларини яқиндан ўрганилиши, уларга кўрсатилаётган амалий ёрдамлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан бошқармага келиб тушаётган мурожаатларнинг ўтган йилларга нисбатан ортаётганлиги уларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинаётганлигининг яна бир тасдиғидир.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётган шарт-шароитларни бартараф қилиш билан биргаликда, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мисол учун, Хоразм вилояти Янгиариқ туманида яшовчи фуқаро С.Норбоевага туман ҳокимининг қарорига асосан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун маҳалла гузари қуриб фойдаланиш учун ер майдони ажратиб берилган. Бироқ, Янгиариқ туман архитектура ва қурилиш бўлими томонидан ушбу ажратилган ер майдони чегаралари натурада белгилаб берилмаганлигидан норози бўлиб вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган.
Бошқарма томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш давомида тегишли ташкилотлар томонидан берилган хулосалар асосида туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил қилинган комиссия йиғилиш баёнига асосан туман ҳокимлиги томонидан 2013 йил 23 ноябрь куни фуқаро С.Норбаевага махалла гузари қуриш учун 600 кв.метр ер майдони ажратиб бериш тўғрисида 597-к-сонли қарор қабул қилиниб, унда қурилиш монтаж ишларини бажаришга вилоят давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси томонидан 2014 йилнинг 6 февраль куни 26-сонли руҳсатнома олинган бўлишига қарамасдан, туман архитектура ва қурилиш бўлими томонидан мазкур ажратилган ер майдонининг чегаралари 2014 йил 4 сентябрь кунига қадар натурада белгилаб берилмаганлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармасига тақдимнома киритилди.
Мазкур тақдимнома ижроси юзасидан фуқаро С.Норбоевага ажратиб берилган ер майдонининг чегаралари натурада белгилаб берилиши таъминланиб, туман архитектори Ж.Қаландаровнинг маъмурий жавобгарлик масаласи суд тартибида ҳал этилди.
Шунингдек, Гурлан туманидаги “Отаназар Досимов” хусусий фирмаси раҳбари О.Досимовнинг Гурлан туман ДСИ томонидан фирма фаолиятида ўтказилган режали солиқ текширувидан норози бўлиб, вилоят адлия бошқармасига қилган мурожаати кўриб чиқилди.
Ш.Хўжаниёзов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи