Жамиятнинг мустаҳкам таянчиэнг аввало,инсонпарварлик тамойилига асосланади

Дата: 31.03.2015    

Ютуқлари бисёр, тараққиё­ти жадал элнинг байрамлари ҳамиша шодиёна, тантанавор ва янада кўтаринки руҳда ўтади. Турмуши тўкин, халқи бахтиёр, куч-қудрати улкан элда дои­мо куй-қўшиқ янграйди.

Шу кунларда юртимиз узра авж паллага кўтарилган Наврўз тантаналарига гувоҳ бўлаётган ватандошларимиз дилида ҳам беихтиёр ана шундай эзгу ҳис-туйғулар жўш ураётганини кўриш мумкин.

“Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда”, дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида. Бу ибора анъанавий Наврўз нафақат шодлик ва қувонч айёми, балки эзгуликка қанот бағишловчи хайру савоб амаллар даракчиси эканлигини ҳам далолатлайди.

Юртбошимизнинг шу йил 25 февралда “2015 йилги Нав­рўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” қабул қилган Қарори давлатимизнинг одамлар қалбидаги азалий эзгу урф-одатларини қайта тиклаш, қадрлаш соҳасида доимо халқчил ва инсонпарварона сиёсат юргизаётгани, бу соҳада танланган йўл­нинг изчил ҳамда бардавомлигини ёрқин ифода этди.

Жамиятда расм бўлган урф-одатлар, тартиб-таомиллар, қомус ва қонунларга пухта риоя этилган, омма хоҳиш-иродаси ижобатини топган юртнинг байрамлари янада тантанавор ўтади, бундай элда одамлар толеи ҳамиша баланд, халқ ва давлатнинг иқболи эса доимо порлоқ бўлади. Дарҳақиқат, буюк Амир Темур бобомиз уқтирганларидек, дину тартиб, тўра ва тузукка боғланган элнинг турмуши доимо тўкинлик, тотувлик ва баҳамжиҳатликда кечади.

Буни назарда тутса, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, давлат, халқ ва жамият манфаатларини оғишмай ҳимоя қилиш, бозор муносабатлари ва демократик тамойилларни янада ривожлантириш давлат, бошқаруви ва қонунчилик назорати идоралари, жумладан, адлия тизими ходимлари фаолиятининг мезони, мазмунига айланганлигини илғаш қийин бўлмайди.

Бу соҳадаги кўламдор ва серқ­ирра фаолият намуналарини Хоразм вилоят адлия бош­қармаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги низом соҳа ходимлари учун ўзига хос дастур вазифасини ўтаяпти.

Амалдаги қонунчилик ва мазкур низом талабларини бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўтган йили ҳам муносиб натижа берди. Йил давомида ўтказилган 86 та режали мониторинг тадбирлари асносида жами 16 мингдан ортиқ хато ва камчиликлар, қонунбузилиши ҳолатлари ҳам аниқланиб, бартараф этиш чоралари кўрилди. Шу жараёнда киритилган тақдимномаларга биноан 4,1 миллиард сўмликдан зиёд маблағ эгаларига қайтарилди. Жами қиймати 1,7 миллиард сўмдан иборат бўлган 1233 та даъво аризаси судда кўриб чиқилди ва талаб этилган миқдордаги пуллар ўз эгаларига қайтарилди.

Ушбу жараёнда фуқароларнинг 368 та ёзма ва “Ишонч телефонлари” орқали йўллаган 130 та мурожаати ҳам қонун талаблари асосида кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 119 та қарори ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 106 тасига расман розилик берилди.

Истиқлолимизнинг ўтган йиллари давомида мамлакатимизда тадбиркорлик эркинлиги, унга кенг йўл очиб бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари яратилганлиги, уларнинг янада такомиллашиб бораётганлиги, яратилаётган қулай шарт-шароитлар, имтиёз ва преференция­лар ғоятда аҳамиятлидир.

Тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш адлия органларининг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу йўналишда ҳам вилоят адлия бошқармаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида ўтган йили 23 та назорат ва мониторинг тадбири ўтказилди, шунингдек, турли масалалар бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан бевосита ва бошқармада ташкил қилинган “Ишонч телефони”га келиб тушган 146 та мурожаат кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Назорат ва мониторинг тадбирлари ҳамда келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган шарт-шароитларнинг бартараф қилиниши юзасидан тегишли ташкилотларга 136 та тақдимнома киритилиб, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъ­ектларига ортиқча вазифалар юкловчи 11 та ноқонуний қарори бекор қилинди, 949,0 минг сўм миқдорда ортиқча ундирилган маблағлар ўз эгаларига қайтарилди, 84 нафар мансабдор шахснинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини узрсиз сабабларга кўра бузиб келган ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилган 20 нафар мансабдор шахснинг маъмурий жавобгарлик масаласи суд тартибида ҳал этилиб, қонунбузилишларга йўл қўй­маслик хусусида 65 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди.

Хусусан, Янгиариқ туман архитектура ва қурилиш бўлими томонидан туманда истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Норбоевага маҳалла гузарини қуриш учун ажратилган ер майдони чегаралари натурада белгилаб берилмаганлиги, Қўшкўпир туман ҳокимлиги томонидан фуқаро Ш.Машариповга ер участкаси ажратиш юзасидан ўтказилган танловда ғолиблик қўлга киритилган ер майдони ажратиб берилмаганлиги юзасидан қонун устуворлиги таъминланиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланди ва айбдор мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи суд тартибида ҳал этилди.

Адлия бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга киритилган 99,1 миллион сўмлик 81 та даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилган бўлса, ноқонуний қарорларни қисман ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан киритилган 42 та даъво аризасининг талаблари судгача ҳал этилди.

Булардан ташқари, тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имконият ва шарт-шароитларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида қишлоқ жойларида 23 маротаба давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилиб, 42 та маъруза ўқилди, 8 маротаба оммавий ахборот воситаларида чиқишлар уюштирилди, тадбиркорлик субъектларига тегишли ташкилотлар томонидан “Бир дарча” тамойили асосида хизматлар кўрсатилишида жойнинг ўзида амалий ёрдам берилди.

Адлия бошқармаси томонидан фаолият юритмаётган корхоналар муаммоларини ўрганиш ҳамда улар фаолияти тикланишига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида бундай тадбиркорлик субъектларининг сони ўтган даврларга нисбатан анча камайди.

Жумладан, ўтган йили 207 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланиб, уларда 467 та янги иш ўринлари яратилди ва бугунги кунга келиб вилоятимизда фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47 тага камайишига эришилди.

Адлия бошқармаси келгуси иш фаолиятида асосий эътиборни тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини яқиндан ўрганишга қаратиб, уларнинг олдидаги ғов бўлиб турган тўсиқларга қарши кескин курашишни ўз олдига мақсад қилиб олган.

Бу каби таъсирчан ҳуқуқий муҳофаза чоралари тизимнинг яна бир муҳим жабҳаси — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан ҳам изчил амалга оширилаяпти. Ҳозирда бу соҳа фаолиятига бўлган талаб, аввалгилардан бирмунча фарқ қилади ва буни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари билан изоҳламоқ даркор. Мазкур қонун талаблари доирасида бош­қармада мурожаатларни кўриб чиқишнинг янгича тартиби жорий қилинди.

Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатларни жойига бориб ва бевосита муаллифлар иштирокида кўриб чиқишга эътибор қаратилди. Такрорий мурожаатлар эса “фав­қулодда ҳолат” сифатида баҳоланадиган ва бевосита раҳбарият ҳузурида қараб чиқиладиган бўлди. Ушбу тартибни амалиётга жорий этиш борасида ўтган йили инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига келиб тушган 164 та шикоят, “Ишонч телефони” орқали олинган 19 та мурожаат кўриб чиқилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлик ҳолатлари юзасидан ваколат доирасида тегишли таъсир чоралари қўлланилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган қонунбузилишлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш хусусида идора ва ташкилотларга ижроси мажбурий бўлган 27 та тақдимнома, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун маъмурий жазо қўллаш юзасидан тегишли органларга 3 та таклиф юборилди.

Қўлланилган таъсир чораларининг кўриб чиқилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланмаган ҳолларда мазкур чоралар фуқаролик ишлари бўйича судларга 226 та 195 миллион сўмликдан зиёд даъво аризаларини киритиш орқали амалга оширилди.

Қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда, энг аввало, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини амалда тиклашга эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, фуқаро О.Оқназаровнинг расмий аризасига нисбатан бепарволарча муносабатда бўлган, уни рўйхатга олиш ва кўрсатма учун раҳбарнинг эътиборига ҳавола этиш тартибини қўпол тарзда бузган, бу билан ҳам чекланмай уни ҳатто орадан 3 ой ўтса-да, то ўрганиш кунигача қараб чиқишга ҳафсала топмаган Урганч туман электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси Ҳ.Отажонов; йўл қўйган камчиликлари учун айбдор, деб топилган ходимларни қонуний жазога тортиш тартибига беписанд муносабатда бўлган, бу билан ҳам кифояланмай ходимга ўз вақтида иш ҳақи тўлашни асоссиз пайсалга солиб келган “Питнакшаҳаргаз” раҳбари Т.Ава­зов; айрим ходимларнинг жами 15,8 миллион сўмлик иш ҳақини орадан 6 ой ўтсаҳамки тўлашга шошилмаган Урганч туман “Машина-трактор парки” масъулияти чекланган жамияти раиси Ф.Қурбонов қонуний жазога тортилди. Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди, қонуний талаблари эса тўла қаноатлантирилди.

Фуқароларни уларнинг ариза ва шикоятларига суянган ҳолда ҳуқуқий ҳимоялашга қаратилган бу сингари саъй-ҳаракатларнинг қамрови кенг, самараси катта.

Аммо мурожаатларни ўрганиш билан чекланилаётгани йўқ. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари доирасида бевосита адлия тизими ташаббусига мувофиқ жойларда назорат-мониторинг тадбирлари ҳам изчил олиб борилаяпти. Бундай ўрганишлар жараёнида ўтган йили 986 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Белгиланган чора-тадбирлар асосида уларнинг бари бар­ҳам топди. Бошқача айтганда, фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари таъминланди. Унинг баробарида қанчадан-қанча фуқароларнинг оғири енгил, мушкули осонлашди. Бу эса мамлакатимиз Конституцияси, қонунлари юртимизда мустаҳкам тинчлик, осойишталик, аҳиллик, баҳамжиҳатлик, катта ва юқори суръатли равнақ, тўкин ва фаровон турмушнинг ишончли гарови эканлигини ифодалайди.

Зеро, Наврўз айёми янглиғ улкан байрамлар қалбларимизга шодиёна ва кўтаринки кайфият улашаётган, турмушимиз ютуқ ва зафарларга бурканаётган, тараққиёт одимлари янада жадаллаётган жойда камчилик ва нуқсонларга ўрин йўқ. Равнақ ва нурли истиқболга ножоизликлардан холи турувчи хайр­ли ишлар, амаллар, эзгу фикр-ўйлар оғушидагина эришилади. Буни унутмаслик даркор.

Байрамона кўтаринки кайфият қалбингизни ҳеч қачон тарк этмасин, азизлар. Наврўз айёми муборак!

И.Сабиров, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи