Имтиёз ва имкониятлар

Дата: 16.02.2015    

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири саналади. Бу борада Адлия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий адлия органлари, шу жумладан Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтган даврда муайян ишлар амалга оширилди.

Бошқарма томонидан тадбиркорлик соҳасида қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижроси бўйича назорат ва тизимли равишда мониторинг тадбирларининг, тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар, ижтимоий сўровлар ўтказилиб, уларнинг муаммоларини яқиндан ўрганилиши, уларга кўрсатилаётган амалий ёрдамлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан бошқармага келиб тушаётган мурожаатларининг ўтган йилларга нисбатан ортаётганлиги уларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинаётганлигининг тасдиғидир.

Хусусан, тадбиркорлик субъектлари томонидан турли соҳалар бўйича ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш мақсадида, шунингдек уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб уларга амалий ёрдам кўрсатилиши борасида 2012 йилда 159 та, 2013 йилда 163 та, 2014 йилда 166 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, биргина жорий йилнинг ўтган даврида 27 та мурожаат қайд этилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётган шарт-шароитларни бартараф қилиниши билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун, Хоразм вилояти Янгиариқ туманида яшовчи фуқаро С.Норбоевага туман ҳокимининг 2013 йил 23 ноябрдаги қарорига асосан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида маҳалла гузари қуриб фойдаланиш учун ер майдони ажратиб берилган. Бироқ, Янгиариқ туман архитектура ва қурилиш бўлими томонидан ушбу ажратилган ер майдони чегаралари натурада белгилаб берилмаганлиги аниқланди.

Бошқарма томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш давомида тегишли ташкилотлар томонидан берилган хулосалар асосида туман ҳокимлиги ҳузурда ташкил қилинган комиссия йиғилиш баёнига асосан туман ҳокимлиги томонидан 2013 йил 23 ноябрь куни фуқаро С.Норбаевага маҳалла гузари қуриш учун 600 кв.метр ер майдони ажратиб бериш тўғрисида 597-к-сонли қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармасига тақдимнома киритилди.

Мазкур тақдимнома ижроси юзасидан фуқаро С.Норбоевага ажратиб берилган ер майдонининг чегаралари натурада белгилаб берилиши таъминланиб, туман архитектори Ж.Қаландаровнинг маъмурий жавобгарлик масаласи суд тартибида ҳал этилди.

Бундан ташқари, Гурлан туманидаги “Отаназар Досимов” хусусий фирмаси раҳбари О.Досимовнинг Гурлан туман ДСИ томонидан фирма фаолиятида ўтказилган режали солиқ текширувидан норози бўлиб вилоят адлия бошқармасига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида Гурлан туман ДСИ томонидан 2014 йил август ойида фирма фаолиятида ўтказилган режали солиқ текшируви (тафтиш) натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома текшириш якунланган куни эмас, балки 3 кундан кейин фирма раҳбарига тақдим қилиниб, текшириш тартиби бузилганлиги ҳамда фирма раҳбарининг қонуний ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланиб, туман ДСИнинг текширувчи ходимлари А.Ражабов ва О.Пировларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи суд тартибда ҳал этилди. Бундай ҳолатларга мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Хоразм вилоят адлия бошқармасининг келгуси фаолиятида асосий эътибор Президентимизнинг 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишлаб 2015 йил январь ойида ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалардан бири ҳисобланган хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этишга, назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашувига барҳам беришнинг янги механизмлари яратишга ва қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган тегишли таклифларни ишлаб чиқишга қаратилган.

Шерзод Ҳўжаниёзов, Хоразм вилоят адлия бошқармасининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи