Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларда инновацион тафаккурни шакллантириш

Дата: 09.01.2015    

Мамлакатимиз истиқлолга эришган дастлабки кунлариданоқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда уларнинг эркин ривожланишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, бу борада кичик бизнeс ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали халқнинг турмуш даражасини яхшилаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Дарҳақиқат, кичик безнес ички бозорни зарур товар ва хизматлар билан тўлдиришнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилиши, жаҳон ва минтақалар бозорларидаги талаб ва конъюктура ўзгаришларига анча тез мослаша олиши, жаҳон ва молиявий-иқтисодий инқирозининг таҳдид ва салбий оқибатларига йирик корхоналарга нисбатан бардош бера олиш қобилияти бирмунча юқорилиги, кичик тадбиркорлик нафақат даромад манбаи, балки одамнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини рўёбга чиқариш воситаси эканлиги Юртбошимиз томонидан бир неча маротаба таъкидланиб келинмоқда.

Давлатимизда сўнги йилларда замонавий бозор иқтисодиёти асосида ривожланаётган бир қатор мамлакатларда йирик корхоналар бажарган аввалги кўп вазифаларни мобиль, яъни ихчам, кичик корхоналар томонидан амалга ошириш жараёни хорижий экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, йирик саноат корхоналари сонининг қисқариб, кичик корхоналар сонининг кескин суръатларда ортиб боришига замин бўлмоқда.

Бу жараён бозор иқтисодиётининг динамик, ҳаракатчан, янгиликларга ҳозиржавоб тарзда ўсиши, бозордаги талаб ва унинг ўзгаришига тез мослашувчан бўлишни таъминламоқда.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар корхоналари билан рақобатбардошлик даражаси ортишига имкон берадиган энг муҳим омиллардан бири кичик корхоналар бутун бир тармоғини вужудга келтиришга имкон берадиган қулай шарт-шароитларни яратишдан иборат бўлиб, бундай корхоналар йиғиндиси соғлом рақобатли бозор муҳитини яратиш имконини бермоқда.

Демак, мамлакатимиз минтақаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналарга алоҳида эътибор қаратиш, бу жараён янги инновациялар, ташаббускорликни талаб этишини англаб етиш, айни шу асосда иқтисодий ривожланишни таъминлашга эришиш муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, минтақалардаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланадиган корхона раҳбарлари фан ва техника соҳасидаги энг сўнгги инновацияларни ишлаб чиқаришга жорий этишлари долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Бугун барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, замон тез ва шиддат билан ривожланмоқда. Ҳар қайси соҳага қарамайлик ривожланиш, ўзгариш ва янгиликни кўрамиз. Бу эса аёвсиз рақобатга бардош бера олиш, ташаббускорлик, янгиликка интилишни ва ўз устида тинмай меҳнат қилишни талаб этади. Тарихдан маълумки ишлаб чиқариш соҳасида техника ва технологияси эскирган мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши жуда паст даражада бўлади. Бундай теҳника ва теҳнология орқали ишлаб чиқарилган товарлар билан жаҳон бозорларига чиқишнинг иложи йўқ. Шунинг учун жамиятнинг туб негизи, аҳолининг илғор қатлами, келажакнинг ишончли эгалари бўлган ёшларда инновацион тафаккурни шакллантириш, янги техника ва технологиялар ҳақидаги билимларини ошириш, тадбиркорлик ва ишбилармонликка оид кўникмаларини, замонавий ахборот ва компьютер технологиялари ҳамда интернет хизматидан фойдаланиш борасидаги билимларини шакллантириш асло кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифа ҳисобланади.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир.

Ёшларимиз тадбиркорлик фаолиятининг барча сир-синоатларини қанчалик мукаммал эгалласа, мамлакатимизнинг эртанги итисодий ҳаёти шунчалик юксалади.

2014 йил 22 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси муҳокамасида 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси доирасида деярли барча сиёсий партиялар фракцияси аъзолари демографик омилларни ҳамда иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини ишга солиш, янги объектларни ишга тушириш, инновацион технологиялар соҳасини ривожлантириш, амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ва улардан тўлароқ фойдаланиш, саноатда, қурилишда, хизматлар ва сервис соҳасида кичик бизнесни жадал ривожлантириш, инфратузилмавий, коммуникацион ва уй-жой қурилиши кўламларини кенгайтириш, касаначилик имкониятларини ривожлантириш, бекор турган корхоналарни тиклаш ҳисобига зарур миқдорда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш лозимлиги ҳақидаги фикрларни илгари сурдилар. Бунда ташкил этилаётган иш ўринларига, энг аввало, қишлоқ жойлардаги аёлларни, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жойлаштириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Демак, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш оркали иқтисодиётимиз барқарор тараққиётига эришиш билан бирга, бугунги куннинг муҳим масаласи бўлмиш олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш муаммоси ҳам ҳал этилади.

Бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган ёшларимиз учун, сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан етарли ҳамда жаҳон андозаларига мос келувчи барча имкониятлар яратилган. Айниқса, сўнги йилларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ёшларга солиқ, кредит ва бошқа соҳаларда берилаётган имтиёз, кафолат ва преференциялар жаҳоннинг бизнес юритиш борасидаги энг либераллашган мамлакатлардан қолишмайди.

Жумладан, 2012 йил соҳада рухсат беришга оид 80 та тартиб-қоида, шунингдек, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси бекор қилингани, молиявий ҳисобот топширишнинг шакллари ва даврийлиги 1,5 баробар қисқартирилгани давлатнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашуви тубдан қисқарганининг амалий ифодасидир. Бу каби имтиёзлар 2013 йилда ҳам давом эттирилиб, 2015 йил 1 январдан бошлаб 65 та статистик ҳисобот шакли ва 6 та солиқ ҳисоботи шакли бекор қилинди. Президентимизнинг 2014 йил 15 апрельдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2164-сонли Қарори билан тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолиятнинг 11 таси ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларнинг алоҳида турларининг 16 таси бекор қилинди, 21 та фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ва рухсат этиш характерига эга тартиботларни расмийлаштиришнинг муддатлари ва 11 та фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ва рухсат этиш характерига эга йиғимлар миқдорлари қисқартирилди. Энг мухими, 2014 йил 4 декабрда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддасига қўшимча киритилиб, унга мувофиқ касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилиши белгиланди.

Қайд этиш жоизки, Наманган вилоят адлия бошқармасининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан тадбиркорлик фаолияти юритиш истаги бўлган касб-хунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорликда 2014 йилнинг июнь ойида вилоятнинг барча туманларидаги белгиланган касб-хунар коллежларида қисқа муддатли ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди. Бундан ташқари, бўлим ходимлари томонидан турли даражадаги учрашувлар, семинарлар, давра сухбатлари ва очиқ эшик кунлари чоғида ёшлар ҳамда уларнинг ота оналари билан учрашилганда ёшларни, жумладан коллеж битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш, шунингдек тадбиркорлик сохасида уларга яратилаётган имтиёз, кафолат ва преференциялар ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Сохибжон Қодиров, Наманган вилоятадлия бошқармаси катта маслаҳатчиси