Дата: 26.12.2014
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли таҳлил этиш, янгиланаётган ва янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат бошқаруви органлари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида қай даражада амалга оширилаётганлигини ўрганиб бориш ҳисобланади.
Маълумки, Конституциямизнинг 104-моддаси ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун (Янги таҳрири 24.12.2012)нинг 14-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, юқори турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шартлиги белгиланган.
Ушбу ҳужжатлар лойиҳалари лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда баён қилиниши, ўқиганда ва амалда қўлланганда, унинг матни турли хил талқинлар ва тушунмовчиликларга олиб келмаслиги лозим.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилганда, юридик хизмат ва адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганда расмий нашрларда эълон қилинган қонун ҳужжатларидан фойдаланиш лозим. Бундай манбалар қаторига “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами”, шунингдек, барча янги қабул қилинган қонунлар, Олий Мажлис палаталари, Президент ва Ҳукумат қарорларининг, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари чоп этиладиган “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами” ҳамда “Халқ сўзи” ва “Народное слова” газеталари киради.
Бу жараёнда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматларининг касбий тайёргарлиги ва уларнинг адлия органлари билан ҳуқуқий экспертиза масалаларида ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилишга оид фаолияти юзасидан ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатадики, бу борада қатор камчиликлар мавжуд.
Маълумки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 28 ва 29-моддаларига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши керак. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида эса мазкур талабга етарлича эътибор берилмаяпти. Натижада маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида жамоатчиликнинг маълумотлар олиши чекланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида давлат сиёсатини юритишга катта ёрдам беради.
Дилмурод Матрасулов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси масъул ходими