Ижара шартномаларини нотариал гувоҳлантириш тартиби

Дата: 12.03.2013    

Савол: Мен ўзимга тегишли бўлган транспорт воситасини ижарага бермоқчиман, ижара шартномасини тузиш учун нотариал идорасига қандай ҳужжатларни тақдим қилишим лозим ?

Бекзод Холметов,

Ҳонқа тумани

Жавоб: Мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда нотариус томонидан қуйидагилар,

- мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат яъни техник паспорт, техник талон (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

- ижарага берилаётган мулк давлат рўйхатидан ўтказиладиган мулк бўлса, унинг бошқа шахсга ўтказиш таъқиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақида маълумот;

- ижара нарсаси умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

- ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида тузилган мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномаси;

- васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулк бир йилдан ортиқ муддатга ижарага берилганда, васийлик ва хомийлик органларининг розилиги талаб қилинади.

Савол: Мен шаҳарда жойлашган ташкилотга ишга кирдим, шунинг учун шаҳардан ижарага уй олиб оилам билан яшамоқчиман. Нотариал идораси томонидан ижара шартномасини гувоҳлантириш қоидаларини тушунтириб берсангиз ?

Иброҳим Жуманиязов,

Ҳазорасп тумани

Жавоб: Мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулкни (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқалар) ижарага берилишида ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда нотариус томонидан қуйидагилар,

- кўчмас мулкнинг ижарага берувчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

- “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси, бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

- ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий рўйхатда турувчи шахслар ҳақида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма ҳамда рўйхатга олинган шахсларнинг розилиги;

- кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

- васийликдаги шахсга қарашли бўлган кўчмас мулк бир йилдан ортиқ муддатга ижарага берилганда, васийлик ва хомийлик органларининг розилиги;

- хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ижарага берилганда, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома ва уларнинг розилиги талаб қилинади.

Савол: Мен юк автомашинамни ўзим бошқариш шарти билан идора ташкилотлари ёки уюшмаларга ижарага беришим мумкинми?

Фахриддин Хусаинов,

Ҳонқа тумани Физулий кўчаси 8-уй

Жавоб: Ҳа мумкин, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 564-моддасида транспорт воситасини экипажи билан ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи транспорт воситасини вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ҳақ эвазига ижарага олувчига беради ва ўз кучи билан уни бошқариш ҳамда техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатади деб белгиланган.

Савол: Автотранспорт воситасини ижарага бериш шартномаси нотариал тартибда гувоҳлантирилиши шартми ?

Ғулом Искандаров,

Боғот тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига биноан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши шарт деб белгиланган.

Саволларга: Хоразм вилояти Ҳонқа тумани 

1-сон давлат нотариал идорасининг

нотариуси Мансур Нуриев жавоб берди.