Васиятнома бўйича ворислик

Дата: 17.11.2014    

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1112-моддасига асосан ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Ворислик агар васият мавжуд бўлса, васиятга кўра, васият қолдирилмаган бўлса қонунга кўра белгиланади.

Мерос фуқароларнинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида мулк жойлашган давлат нотариал идорасида очилади. Мерос очилган вақтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос мулкини ташкил қилади. Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгангандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросҳўрлар бўлишлари мумкин.

Мерос қолдирувчининг, болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-оналари (фарзандликка олувчилар)тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислари ҳисобланади.

Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Фуқароларнинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган такдирда тасарруф этиш хусусидаги ҳоҳиш иродаси васият деб эътироф қилинади. Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига васият қилиб қолдириши мумкин.

Васиятнома албатта ёзма нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятномани васият қилувчи шахсан ўз қўли билан имзоланиши лозим. Лекин васият қилувчи саводсизлиги ёки касаллиги сабабли васиятномани шахсан ўзи имзолай олмаса Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасига кўра бошқа шахс(холис вакил) томонидан имзоланиши мумкин. Бунда васият қилувчига васиятномани матни овоз чиқариб ўқиб эшиттириб, бу ҳақда васиятномага қайд қилиб қўйилади.

Васиятнома фақат шахсан тузилади уни вакил орқали тузишга йўл қўйилмайди. Васиятнома тузилгандан кейин юридик кучга эга бўлсада, унинг ҳуқуқий кучи келгусида фақат мерос очилгандан кейингина, унга асосан ҳуқуқ ва бурчлар вужудга келганда намоён бўлади.

Васиятнома тузиш ҳар бир шахснинг ҳуқуқидир, лекин бурчи эмас. Шу сабабли васиятнома тузишда эркинлик тамойилига амал қилинади. Васият қилувчи эркинлик тамойили асосида ўз мол-мулкини битта васиятномада эмас, балки улушларга бўлиб тузиши ҳам мумкин. Васиятнома тузиш эркинлиги тамойилига кўра васият қилувчи васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш мумкин ва бу ҳақда бировга хабар килмайди. Чунки васиятнома сир сақланади уни ошкор қилиш таъқиқланади.

Қонунда васиятномани сир сақланишини таъминлаш мақсадида маҳфий васиятнома тузиши ҳам кўрсатиб ўтилган. Маҳфий васиятномани васият қилувчи ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши лозим ва хатжилдга(конвертга) солиниб, елимланган ҳолда икки гувоҳ иштирокида нотариусга берилади. Гувоҳлар ўз фамилиялари, исмлари, оталарининг исмини ва доимий яшаш жойлари кўрсатилган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар.

Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариус иштирокида бошқа хатжилдга елимланиб, унга нотариус тасдиқловчи ёзуви ёзиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1142-моддасига асосан мажбурий улуш олувчилар, яъни мерос қолдирувчининг вояга етмаган фарзандлари, меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари васиятнома кимга ёзилишидан қатъий назар бу шахслар ўз улушларинии оладилар.

Нотариус васиятномани тасдиқлаш вақтида васиятномани сир сақланиши ва мерос бўйича мажбурий улуш олувчилар ҳақида васият қилувчига тушунтиради ва бу ҳақда васиятомада кўрсатиб ўтади.

Нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи вафот қилгандан кучга киради. Нотариус васиятнома бўйича мерос гувоҳнома бериш вақтида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот қилганлигини, васиятнома мавжудлиги ва кучдалигини, мерос очилган вақти 
ва жойини, мерос мулкининг таркиби ва у жойлашган жойини, меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар доирасини аниқлайди ва шу асосда васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради.

М.Аллаярова, Хонқа туман 2-сон ДНИ нотариуси