Соғлом оила – соғлом миллат

Дата: 08.02.2013    

Мустақил Ўзбекистонимизнинг самарали ўтган йилларига назар соладиган бўлсак, эълон қилинган йилларнинг ҳар бири ҳам қайсидир маънода оилаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Она ва бола йили”, “Қарияларни қадрлаш йили”, “Обод маҳалла йили”, “Меҳр-мурувват йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Мустаҳкам оила йили”, “Обод турмуш йили”...

Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида жамиятнинг қуйи бўғини - оиланинг ҳуқуқий асослари ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Зеро, маънавий етук, жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёсдир. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор, оила бор экан, ҳаёт абадийлиги, бебаҳо неъмат бўлмиш фарзанд бор, фарзанд бор экан, одамзот хамиша келажагини ўйлаб эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.

Ўзига хос миллий давлатчилик тарихимиз, халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари эътиборга олиниб, Конституциямизга алоҳида “Оила” боби киритилди.

Мазкур бобда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, унда никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари, фарзандлар ота-оналарининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши ўз ифодасини топган.

Келажак авлоднинг соғлом бўлиши - бўлажак оила соҳибларининг соғлиги билан бевосита боғлиқ. Авлоднинг соғлиги - жамият соғлигидир. Миллат генафонди бой, дунёга келадиган гўдаклар соғлом, бақувват бўлиши учун, аввало, оила қураётган йигит-қизлар соғлом бўлиши керак. Шу боис 2003 йил 25 августда “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳақида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳужжатнинг замирида оилани мустаҳкамлаш, жамиятда никоҳланувчи шахсларнинг, она ва бола саломатлиги учун махсус шароит, ахлоқий норма ва қоидаларни шакллантириш сингари эзгу мақсадлар мужассам.

Президентмизнинг 2004 йил 25 майдаги фармонига асосан, оилада соғлом маънавий - ахлоқий муҳит барпо этишда маҳалла ва хотин-қизлар ташкилотларининг ролини ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Маҳаллаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар қўмиталари, яраштириш комиссияси, диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолиятини ривожлантирилгани, уларнинг соғлом оилани шакллантириш, оилавий масалаларга оид қонун меъёрларини тушунтириш ва уларга риоя қилиш бўйича тарғибот ишларини амалга ошираётгани натижасида оилавий келишмовчиликларни маҳалла доирасида, кўпни кўрган кексалар, фаоллар ёрдамида, ортиқча расмиятчиликка йўл қўймай ҳал этиш орқали жамият ҳаётининг устуни бўлган оилани мустаҳкамлаш одати қайта тикланди.

Албатта кўзланган мақсад эса, нафақат бахтли ва фаровон турмуш кечириш, балки эртанги кун эгаларини комил инсон қилиб тарбиялашдир. Зеро, баркамол авлод - халқимизнинг мустақиллик туфайли рўёбга чиқарган энг катта орзуси. Истиқлол фарзандлари бугун илм-фан, спорт, санъат, маънавият ва маърифат, тадбиркорлик каби соҳаларда улкан муваффақиятларни қўлга киритмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида халқ фаровонлиги, мамлакат тинчлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу мақсадлар ётади. Ана шундай эзгу мақсадлар ушаладиган маскан эса, шубҳасиз - оиладир.

Шундай экан, уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлашга барчамиз масъулмиз.

Гулбахор Ганджаева,

Хоразм вилояти Янгибозор тумани
ФҲДЁ бўлими мудири