Дата: 10.11.2014
Инсониятнинг тарихий тажрибаси қайсики мамлакат бўлмасин, у ерда яратилган мустаҳкам демократия пойдевори жамият тараққиётининг хал қилувчи омили эканлигини кўрсатади. Чиндан ҳам шундай. Жамиятнинг моддий ва иқтисодий барқарорлиги демократик эркинликлар ва хақ-ҳуқуқларга кўп жиҳатдан боғлик. Демократия бўғилган жойда ҳаёт таназзулга юз тутади. Кўҳна тарихда буни била-кўра туриб ҳам демократиядан қўл силтанган, оқибатда бутун-бутун мамлакатлар, давлат ва ҳокимиятлар барбодликка юз тутган холлар кўплаб кузатилган.
Мустақил Ўзбекистоннинг қисқа тарихи халқимиз ва давлатимиз ўзининг буюк истиқболига демократияга кенг йўл очган, бинобарин бу билан жаҳон тараққиёти тажрибасини жамият ҳаётига собитқадамлик билан тадбиқ этган ҳолда етиб боришни кўзлаётганидан далолат беради.
Жамият тараққиётининг демократик омили Ўзбекистон Конституция ва қонунлар билан кафолатланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бош қомусимизнинг 13-моддасида баён этилганидек, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият хисобланади.”
Хўш, қомусимиз матнида ўз ифодасини топган ана шу фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар нималардан иборат, шу асосда яратилган қонун ҳужжатларининг мазмун мохияти-чи ? Таъкидлаш зарурки, конституциямизнинг бутун бошли битта-иккинчи бўлими мамлакат фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинлик ва бурчларига бағишланган. Унда инсоннинг яшаш, меҳнат қилиш, мулкдор бўлиш, дам олиш, ижтимоий таъминланиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, ўқиш, касб-ҳунар ўрганишга бўлган ҳуқуқлари ўзининг мужассам ифодасини топган. Инсонлар, фуқароларнинг сўз ва виждон эркинлиги, диний ҳамда сиёсий қарашлари конституциянинг янада ёрқин жиҳатини ташкил этади ва у жаҳон демократияси андозаларига тўла ҳамоҳанглиги билан ажралиб туради. Бош қомусимизнинг 31-моддасида қайд этилишича “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки хеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.”
Аҳамиятли жиҳати шуки, Конституциянинг айнан шу моддаси пировардида катта сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга молик бутун бошли янги қонун ҳужжати яратилиши омилига айланди. 1991 йили мамлакат истиқлоли арафасида яратилиб, халқимизга тақдим этилган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 1998 йили тараққиёт сари юзланган жамиятнинг талаб ва тақозоларига кўра янги таҳрирда қабул қилинди. Давр ва жамият руҳи, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, жаҳон демократияси мезонлари унда муносиб аксини топди.
Мустақил Ўзбекистон халқи ўзининг кўп асрлик тарихи мобайнида илк бора чинакам виждон эркинлигига эришди: ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик хуқуқини қўлга киритди. Вахоланки, олдинги давр қонунларида диний эътиқод умуман эътироф этилмаган, амалда эса ҳатто очиқдан-очиқ рад қилиниб келинган. Янгиланган истиқлол айёми табиатини қарангки, бир пайтлари бутун юрт бўйлаб омма хоҳиш-истагига хилоф тарзда ман этилиб, қатоғон қилинган суннат, шаърий никоҳ, наврўз, рамазон, ийди-рўза, ийди-қурбон, қадрлаш ва хотирлаш тадбирлари, бошқа диний ва анъанавий марака-маросимлар, расм-русумлар унинг шарофатидан турмушимизга қайтадан кириб келди. Қомусимиз асосида яратилган мазкур қонун бошқа бир ҳолатни ҳам эътироф этди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъий назар қонун олдида тенг, деб эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилганлигини унутмаслик зарур. Айни пайтда давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва хурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга муносибларни карама-карши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга йўл қўймайди. Шу муносабат билан қонуннинг 5-моддасида уқтирилганидек, “Диний моҳиятдаги сиёсий партия ва жамоат ҳаракати, шунингдек Республикадан ташқарида тузилган диний партияларнинг филиаллари ва бўлимларини тузишга ва уларнинг фаолият юритишга йул қўйилмайди”. Халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, бунёдкорлик меҳнати, худудларимиз ва сарҳадларимиз дахлсизлиги ҳар нарсадан устун туради.
Инсон ўзининг виждони, фикр-уйи ва ҳоҳиш-иродаси бобида хамиша эркин. Уни ҳеч нарса билан жиловлай олмайсиз. Аксинча, инсон эрки, эркинлиги ва ҳуқуқларига изн берилган, бундай омиллар қонун билан кафолатлаб ва мустаҳкамлаб қўйилган жойда омманинг ялпи ҳайриҳоҳлиги намуналари намоён бўлади, халқ, давлат ва жамият ўртасида ўзаро ҳурмат ва баҳамжихатлик вазияти қарор топади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва юқорида таъриф этилган қонун ҳужжати ана шу каби долзарб ва стратегик вазифалар, дастур ва масалалар, олийжаноб мақсадлар ечимига хизмат килаётганлиги билан янада мўътабар ва улуғвордир.
Сайёра Аллаберганова, Хива туман ФҲДЁ бўлими мудираси