Тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда

Дата: 23.10.2014    

Сўнги йилларда Ўзбекистон Республикасида ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида умум қабул қилинган бизнесни юритиш шароитларини баҳолаш мезонлари тизимини жорий этиш ва шу асосда мамлакатимизнинг халқаро рейтингини янада оширишни таъминлаш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси қабул қилиниб, босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш, хўжалик низоларини кўриб чиқиш, бизнесни тугатиш жараёнлари сезиларли даражада соддалаштирилди. Мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсатномалар бериш, электр тармоқларига уланишда “бир дарча” тамойилларини оммавий жорий этиш бўйича ишлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ва 2014 йил 15 апрелдаги Қарори қабул қилинди.

Мазкур Фармон ва Қарори билан 2014-2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Дастурда тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида 17 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳамда 20 га яқин қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган тадбирларнинг амалга ошириш белгиланган.

Хоразм вилоят адлия бошқармасининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан 2014 йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тезкор топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоят Урганч шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ва Хоразм вилоят ДТ “Халқ банки” Урганч шаҳар амалиёт бўлимларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги Фармони ва 2014 йил 15 апрелдаги Қарори талабларининг бажарилиши аҳволини ўрганиш давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан Урганч шаҳар ДСИ ва ДТ “Халқ банки” Урганч шаҳар амалиёт бўлимларига киритилган тақдимномаларнинг натижалари бўйича 2 ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб қўйиш ҳолатлари бекор қилинди ва банк хизматлари кўрсатилишида жами ортиқча ундирилган жами 194,0 минг сўмлик тўловлар тадбиркорларга қайтарилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Жумладан, Хоразм вилоят Урганч шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан “Дилноза Шахризода” хусусий корхонаси ва “PENA IZOL SERVIS” МЧЖларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операциялари улар томонидан 2014 йил 1-чорак ҳисоботлари топширилмаганлиги учун 2014 йилнинг 3 июнь куни ёзма равишда қарор қабул қилинмасдан, солиқ органларида фойдаланиб келинаётган СИАИЖ-4 дастурий маҳсулидаги “Электрон қарорлар” модулидан фойдаланган ҳолда тўхтатилганлиги маълум бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 8-бандига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органлари томонидан фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилиши белгиланган бўлсада, Хоразм вилоят Урганч шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан юқорида қайд қилинган “Дилноза Шахризода” хусусий корхонаси ва “PENA IZOL SERVIS” МЧЖларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операциялари суд қарорларисиз тўхтатилган.

Шунингдек, Хоразм вилоят адлия бошқармасининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Мисол учун, бўлим томонидан Хоразм вилояти Ҳонқа туманидаги “Ойбек-Юнус” хусусий корхонаси раҳбари Х.Юнусовнинг туман ҳокимлиги томонидан 2013 йил 25 февраль куни корхонага ер ажратиб бериш юзасидан қабул қилинган қарори бекор қилинганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қилган мурожаатини кўриб чиқиш натижалари бўйича туман ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси талабларини нотўғри қўллаб етарлича асослантирилмаган ҳолда корхонага ажратилган ер майдонини туманнинг заҳира ер фондига қайтарилиши юзасидан қарор қабул қилинганлиги аниқланиб, ушбу ҳолатни бартараф қилиш ҳамда қабул қилинган қарорни бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритилиб, бузилган ҳуқуқларнинг тўлиқ тикланиши таъминланди.

Шунингдек, бўлим томонидан Урганч шаҳридаги “XORAZM MUXAMMAD SERVIS” MCHJ профессионал бошқарув компанияси раҳбари Х.Бекчановнинг Урганч шаҳар ДСЭНМ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб вилоят адлия бошқармасига қилган мурожаатини кўриб чиқиш натижалари бўйича Урганч шаҳар ДСЭНМ томонидан 33-сонли уйнинг санитария аҳволи белгиланган қоидаларга жавоб бермаслигида компания раҳбари Х.Бекчанов айбдор бўлмасада, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 53-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан қарор қабул қилинганлиги аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан киритилган тақдимнома орқали мазкур қарорнинг бекор қилиниши таъминланди ва асоссиз равишда компания раҳбари Х.Бекчановнинг маъмурий жавобгарликка тортилишининг олди олинди.

Ш.Рахимов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси масъул ходими