Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз ҳуқуқий тизимида нотариат институти ривожланишининг долзарб масалалари, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 ноябрдаги 523-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги низомнинг 7-бандида нотариат идораларини фаолияти ташкил этиш ва улар фаолиятига раҳбарлик қилиш, уларнинг ишини текшириш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш чора-тадбирларини кўриш; амалга оширилган нотариал ҳаракатлар рўйхатдан ўтказиш статистикасини юритишини таъминлаш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган эди.
Ўтган 25 йил ичида нотариат идоралари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган ҳуқуқий хизмат ҳажми бирмунча ортиб, сифат даражаси хам оширилди. Нотариат идораларининг иш шароитлари хам тубдан яхшиланди.
Ўтган 5 йил ичида вилоятдаги ушбу биноларни деярли барчаси янгидан қурилди ва қурилиб ишга туширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майдаги 4216-сон “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармони билан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти тугатилиши муносабати билан нотариал идораларнинг самарали тармоғини тузиш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни тақозо этиб, шундан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги 2010 йил 5 майдаги Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирилиги томонидан давлат нотариал идоралари тармоғи ва нотариуслар сони тасдиқланди.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йил 2 июнда қабул қилинган 104-сонли қарорига асосан нотариал окуглардаги эҳтиёжлар инобатга олиниб, вилоятда қўшимча 15 та нотариал идора ташкил этилди ва бугунги кунда нотариал идоралар сони жами 30 тага ва нотаруслар сони эса 33 нафарга етказилди.
Нотариал фаолиятнинг такомиллаштирилиши соҳага олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида 2010 йил 14 сентябрда “Адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Унга асосан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Оила, Солиқ ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига, ”Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, “Нотариат тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларда бўлажак нотариусларга қўйиладиган малака талаблари кучайтирилиб, ёш белгиланди ва стажировка муддати камида икки йил қилиб қўйилди, лицензиялаш тизими бекор қилиниб, нотариуснинг масъулиятини ошириш мақсадида қасамёд қилиш тартиби жорий этилди.
Шунингдек, кадрлар таркибини ҳалол ва малакали мутахасислар билан тўлдириш мақсадида нотариус лавозимига чеклашлар ўрнатилди. Яъни, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этгани учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судъя ёки ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати тугатилган шахслар нотариус бўлиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Айни кунларда нотариат институтини босқичма-босқич ривожланиши ва жамиятимизнинг амалий дастаклардан бирига айлантириш борасидаги ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.
Хуллас, нотариат соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар ва юридик шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлашга, қонунда кўрсатилган талабларни ҳаётга тўғри татбиқ этиш эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Қ.Машарипов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи