Адвокатура соҳасидаги ислоҳот ва истиқболлар

Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади жамиятнинг турли жабҳаларини юксалтиришга, давлатни иқтисодий ривожлантиришга, ундаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш орқали аҳоли турмуш даражасини кўтаришга, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилгандир. Бунда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди. Турли жабҳалардаги ислоҳотларни изчил олиб боришда устувор қилиб белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари Бош қомусимиз ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳуқуқий, фуқаролик жамияти қуришга қаратилган. Бундай жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади. Ўз навбатида ҳимоя қилишнинг асосий омилларидан бири адвокатлик институтини ислоҳ қилиш ва самарали фаолият юритишини таъминлашдан иборатдир.

Ўрта асрларда Шарқда қозилар ҳузурида ислом ҳуқуқи-шариат билимдони бўлган махсус хизматчилар-муфтийлар ва аъламлар хизмат қилган. Улар аризагўйлар ва бошқа фуқароларга муайян ҳақ эвазига ҳуқуқий ёрдам кўрсатганлар. Демак, юртимизда ҳам азалдан инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларининг ўзига хос кўринишлари мавжуд бўлган.

Европада 17-асрдан давлат адвокатураси институти ривожлана бошлаган. Кейинчалик эса у жамоат ташкилотига айлантирилган. Ўзбекистон ҳудудида ўзини-ўзи бошқарувчи ташкилот сифатидаги биринчи адвокатура “Ҳимоячилар шўъбаси” номи билан 1879 йил Қўқон шаҳрида ташкил этилган. Уни Санкт-Петербургда юридик маълумот олган Абдунаби Қуролбоев очган.

1920 йилда Туркистон ўлкасидаги барча йирик шаҳарларда суд тизимлари иш бошлаган пайтда адвокатлар ҳам ана шу судлар қошида фаолият юритганлар. Аммо улар судга боғлиқ бўлмаган. Ҳар бир суд идораси ҳузурида бир-иккитадан адвокат бўлиб, улар ҳимояга муҳтож кишиларнинг берган гонорарлари ҳисобидангина фаолият юритган. Ўша даврда Қўқонда 33 нафар, Самарқандда 41 нафар, Бухорода 32 нафар, Хоразмда 9 нафар етук адвокатлар фаолият юритиб, улар асосан инқилобий қўмита раҳбарларининг “суҳбатлари”дан ижобий натижалар билан ўтгандилар.

Ўзбекистон Республикаси адвокатураси барча жиҳатлари билан яқин ўтмишдаги адвокатурадан тубдан фарқ қилади. Аввало, адвокатлик тузилмалари марказлашган тарзда фаолиятининг уйғунлиги, корпоратив бирлигини, адвокатлик касбига қўйилган юксак талабларни таъминлаш, улар томонидан кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам сифатини кафолатлаш, адвокатларнинг касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш уларнинг касбий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш имконияти яратилди. Чунки, адвокатура институти жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, фуқаролик жамиятини барпо этишда ўзига хос бўлган муносиб ўринни эгаллайди.

Мамлакатимизда, фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янда ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори Фармоннинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган бўлиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишга ҳамда адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчиларнинг ҳуқуқий мақомини оширишга кўмаклашишдан иборат эди.

Фармон мамлакатимизда адвокатура институтини яна ҳам ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаб берди. Шундан сўнг “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, 2009 йил 1 январдан кучга кирди. Мазкур қонун билан “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Адвокат жиноят ишларини судда кўриш жараёнининг шундай бир иштирокчиси ҳисобланадики, усиз суд, яъни давлат ҳокимияти сифатида фаолият кўрсата олмайди. Бу ҳолат ўз навбатида адвокатура институтининг алоҳида мақомини исботлайдиган қўшимча далилдир.

Адвокатлик тузилмалари ҳисобланган адвокатлик бюроси, адвокатлар ҳайьати, адвокатлик фирмаси ва юридик маслаҳатхоналарнинг ҳуқуқий мақоми алоҳида белгиланган. Адвокат стажга эга бўлиши ва ўз билимларини доимий равишда такомиллаштириб бориши керак. Шунингдек, адвокат ўзига ишонч билдирувчи шахс билан тузиладиган битим (шартнома) асосида иш олиб боради.

Шундай қилиб, мамлакатимизда адвокатура фуқаролар ва ташкилотларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ижтимоий аҳамиятга молик вазифа юкланган махсус ҳуқуқ лаёқатига эга оммавий-ҳуқуқий институт сифатида ўз ўрнига эга бўлмоқда.

Адвокат ўз касбий вазифаларини бажариши туфайли ҳаёти ва соғлиги учун хавф-хатар юзага келганида ёки унга тегишли мулкка зиён етказиш хавфи туғилганида давлат зарур даражада ҳимоя қилиш кафолатини зиммасига олади. Демак, адвокатлик касби ҳам ўзига хос машаққат ва фидойиликни талаб қилади.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашни ўз олдига олий мақсад қилиб олган суд, адлия, прокуратура ва адвокатура тизимлари тенг ҳуқуқ ва имкониятлар негизида ҳамжиҳатлик билан иш юритар эканлар, улар ўзларига юклатилган вазифаларни шараф билан бажариб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишларига ҳеч қандай шубҳа қолмайди.

А.Махмудов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси


Рўйҳатга қайтиш