С.Ҳошимова, Фарғона тумани
Жавоб: Амалдаги қонунларимизда фуқароларнинг, шу жумладан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва муомала лаёқти ўз аксини топган. Фуқаролик кодексининг 17-моддасига биноан фуқароларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш лаёқати бу – ҳуқуқ лаёқатидир. Ҳуқуқ лаёқатининг мазмуни шундан иборатки, фуқаролар мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари; мол-мулкни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари; банкда жамғармаларга эга бўлишлари; тадбиркорлик, деҳқон (фермер) хўжалиги билан ҳамда қонунда тақиқлаб қўйилмаган бошқа фаолият билан шуғулланишлари; ёлланма меҳнатдан фойдаланишлари; юридик шахслар ташкил этишлари; битимлар тузишлари ва мажбуриятларда иштирок этишлари; етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилишлари; машғулот турини ва яшаш жойини танлашлари; фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтиронинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига ҳамда бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
Ҳуқуқ лаёқати фуқаро туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, баъзан ҳуқуқ лаёқати фуқаро туғилмасидан аввал ҳам вужудга келади. Масалан, фарзанд туғилгунча ҳам унга мерос қолдирилиши мумкин. Натижада у мулк ҳуқуқига эга бўлади.
Савол: Вояга етмаганларнинг муомала лаёқати қачон пайдо бўлади?
Ж.Асадов, Фарғона тумани
Фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади.
Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш, фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижаси муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш, қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш ҳамда майда маиший битимларни тузиш каби ҳаракатларни мустақил равишда амалга оширишга ҳақлидирлар. Булардан ташқари битимларни эса ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Етарли асослар мавжуд бўлганида суд ота-оналар, фарзандликка олувчилар ёки ҳомийнинг ёхуд васийлик ва ҳомийлик органининг илтимосномасига мувофиқ ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганнинг ўз иш ҳақи, стипендияси ёки бошқа даромадларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаб қўйиши ёки бу ҳуқуқдан маҳрум қилиши мумкин.
Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин. Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади. Ота-она, фарзандликка олувчилар ва ҳомий эмансипация қилинган вояга етмаганнинг мажбуриятлари бўйича, хусусан, у етказган зарар оқибатида келиб чиққан мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар. Аммо улар кичик ёшдаги боланинг битимлари бўйича, шу жумладан ўзи мустақил тузган битимлар бўйича мажбуриятнинг бузилишида ўзларининг айблари йўқлигини исботлай олмасалар, мулкий жавобгар бўладилар. Қолаверса, кичик ёшдаги болалар етказган зарар учун ҳам жавобгар бўладилар.
Савол: Кимлар муамалага лаёқатсиздеб ҳисобланади?
Б.Йўлдошев, Фарғона тумани
Фуқаролик кодексининг 30-моддасига кўра, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади. Бунда битимларни унинг номидан васийи амалга оширади. Агар фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва унга белгиланган васийликни бекор қилади.
Савол: Қандай холатларда шахснинг муомала лаёқати чеклаб қўйилади?
И.Болиев, Фарғона тумани
Жавоб: Спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади. Фуқаронинг муомала лаёқати чекланишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд унинг муомала лаёқатини чеклашни бекор қилади. Фуқарога белгиланган ҳомийлик суд қарори асосида бекор қилинади.
Қонунда белгиланган ҳоллар ва тартибдан ташқари, ҳеч кимнинг ҳуқуқ ва муомала лаёқати чекланиши мумкин эмас. Фуқароларнинг муомала лаёқатини чеклашнинг қонунда белгилаб қўйилган шартлари ва тартибига риоя қилмаслик давлат органининг тегишли чеклашни белгилайдиган ҳужжати ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади. Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқатидан ёки муомала лаёқатидан тўла ёки қисман воз кечиши ва ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини чеклашга қаратилган бошқа битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди.
Саволларга Фарғона туман 2-сон ДНИ нотариуси Маҳмуджон Тожиев жавоб берди.