Тадбиркорларга ер участкаларини бериш қай тартибда амалга оширилади?

У.Расулов, Фарғона шаҳри

Жавоб: Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги Фармони билан тасдиқланган Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш мақсадида 2015 йилнинг 7 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкаларини бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, “Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди. Мазкур қарорга биноан 2016 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида доимий фойдаланишга майдони 1 гектаргача ва 1 гектар бўлган ер участкалари фақат танлов асосида берилади. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида бериладиган ер участкаларининг рўйхатини ўз вақтида шакллантириш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан таъминланади. Яъни улар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда фойдаланилмаётган ерлар аниқланиб, тадбиркорларга танлов асосида бериладиган ер участкалари рўйхатига киритилади.

Юқоридаги Низом талаблари кичик саноат ва махсус индустриал зоналари ҳудудида жойлашган, Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйида инфратузилма ва сервис объектлари ҳамда Президент ва ҳукумат қарорларида назарда тутилган объектларнинг аниқ турларини қуриш учун, жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун, олиб қўйиладиган ер участкалари ўрнига юридик ва жисмоний шахсларга, ноқишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун, шунингдек икки ва ундан кўп туманлар (шаҳарлар) ёки вилоятлар ҳудудида жойлашадиган объектларни қуриш учун аҳоли пунктлари ташқарисидаги ер участкаларини беришга татбиқ этилмайди. Ваколатли органлар томонидан ер участкаси бериш бўйича материалларни тайёрлаш ва келишиш, ер участкасининг топографик харитасидан ер участкаси чегараларини натурага кўчириш далолатномасидан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан тузиладиган шартнома асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аванс тўлаш шарти билан амалга оширилади.

Ер участкаларининг рўйхатини тузиш тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун ер участкалари бериш тўғрисида тушган аризаларни тақдим қилиш натижалари бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан, шунингдек, тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ — туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш бўлимларининг, тегишли туман (шаҳар) ерларидан фойдаланишнинг ҳолати мониторинги натижалари бўйича туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг, туманларни (шаҳарларни) комплекс ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳаларнинг таҳлили натижалари бўйича — туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт бўлимларининг, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказиладиган сўровлар натижалари бўйича – Савдо-саноат палатасининг туман (шаҳар) бўлинмаларининг таклифлари асосида амалга оширилади.

Ер участкаларини бериш бўйича танлов танлов ҳужжатларини тайёрлаш, танловни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, талабгорлардан танлов таклифларини ва зарур ҳужжатларни қабул қилиш, тушган танлов таклифларини баҳолаш, танловнинг ғолибини аниқлаш ва натижаларини расмийлаштириш, танлов ғолиби тўғрисида билдириш каби босқичлардан иборат бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари «Кўчмас мулк савдо хизмати» МЖЧнинг ҳудудий филиаллари билан танловни ташкил этиш ва ўтказиш хизматлари кўрсатиш юзасидан шартнома тузадилар.

Танлов ғолиби томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш белгиланган тартибда, яъни танлов ғолиби ва лойиҳалаш ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилиши – Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитасининг давлат экспертизаси ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилади. Объектнинг қурилиши бўйича қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилиши – тегишли архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари, қабул комиссиялари, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик бўйича қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилиши – Қорақалпоғистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари, танлов ҳужжатларининг тижорат қисмига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилиши – туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. Танлов ғолиби томонидан қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилмаган тақдирда, унинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи қонун ҳужжатларида ва танлов мажбуриятларини бажариш учун тузилган шартномада белгиланган тартибда тўхтатилади. Ер участкаларини беришда пайдо бўладиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Саволга Фарғона вилояти адлия бошқармаси масъул ходими Нодиржон Тўйчиев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш