Ишга кирганимга салкам беш ой бўлди. Оилавий шароитим таътилга чиқишимни тақозо қилмоқда.

Савол:  Мен йиллик таътилга чиқишим мумкинми? Умуман олганда меҳнат таътиллари қачон ва қандай тартибда берилади?

Н.Жўраева, Сўх тумани

Жавоб: Амалдаги Меҳнат кодексининг 134-моддасига биноан барча ходимларга ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади. Шуни унутмаслик керакки, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Аммо аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин, I ва II гуруҳ ногиронларига, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга, ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга таътил уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади. Агар сизнинг оилавий шароитингиз юқоридаги қонуний шартлардан бирига мос келса, таътилга чиқишингиз мумкин.

Мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади.

Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек йиллик қўшимча таътилларни бермаслик таъқиқланади. Ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилиши мумкин. Йиллик таътилларни бериш навбати касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади.

Бундан ташқари, ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак. 

Саволга Фарғона вилояти адлия бошқармаси масъул ходими Мўминжон Умаров жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш