Гуруҳ раҳбаримиз дарс жараёнида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат муҳофазасига олинганини таъкидлади. Шу хусусда батафсил маълумот берсангиз?

М.Маманабиева, Олтиариқ тумани

Жавоб: Вояга етмаганлар ҳуқуқларининг давлат томонидан муҳофаза этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 сентябрдаги “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш ҳақида”ги қарори, Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари билан ҳам мустаҳкамланган. Қолаверса, дахлдор бош­қа қонунларимиз ҳам вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинган. Масалан, амалдаги Жиноят кодексига мувофиқ жиноят содир этган вояга етмаганларга нисбатан енгилроқ жазо тайинланади. Яъни, кодекснинг 81-моддасига биноан ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга фақат жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилиши мумкин холос. Уларга нисбатан қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас.

Саволга Олтиариқ туман ФҲДЁ бўлими мудираси Одина Халилова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш