Савол: Айтингчи, бундай қилмиш учун қандай жавобгарлик белгиланган? Шу ҳақда батафсил тушунча берсангиз.
Лолахон Тожиматова, Қўштепа тумани
Жавоб: Саволингиз жуда ўринли. Маълумки, Оила кодексининг 15-моддасига биноан никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланган. Аммо баъзи ота-оналар фарзандининг бахтидан кўра ўзларининг орзу ҳавасларини устун қўйиб, қизларини эрта турмушга берадилар, ўғилларини барвақт уйлантирадилар.
Лекин ўша ҳою-ҳавасга берилган ота-оналар набираларининг жиддий нуқсон билан туғилишига, бунинг оқибатида ўғиллари ёки қизларининг бир умр ногирон боласига термулиб ўтишига ёхуд кўп ўтмай ажрашиб, юз кўрмаслик даражасигача етишларига замин яратаётганларини ҳаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ваҳоланки, никоҳ ёшига етмаган қиз ва йигит фарзанд кўришга тўлиқ тайёр бўлмайди. Эрта турмуш қуришнинг меваси саналган гўдаклар эса аксарият ҳолларда ногирон туғилиши фан ва тиббиётда қайта-қайта исботланган.
Шунинг учун 2013 йилнинг 30 апрелида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига кўра никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Мазкур янгиликка мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 473–модда, Жиноят кодексига эса 1251–модда киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 473–моддасига биноан никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш – энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш - энг кам ойлик иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш - энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган 1251–моддага асосан эса никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, - энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Бироқ гап бу борада маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилангани ёки жазонинг оғир ёхуд енгиллигида эмас, балки, ўша ҳуқуқбузарлик ва жиноятнинг қандай тузатиб бўлмас даражадаги аянчли оқибатларга олиб келишини теран англаб етишдадир. Зеро, оила мустаҳкамлиги никоҳнинг қонунийлиги, ота-онанинг масъулияти, қолаверса фарзандларнинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбияланишига боғлиқ.
Саволга Фарғона вилояти адлия бошқармаси масъул ходими Ҳимоятхон Тожибоева жавоб берди