Яқинда ойнаи жаҳон орқали нотариал ҳаракатларни бекор қилиш ҳақида эшитиб қолдим. Аммо фикрим чалғиб, яхши тушунолмадим. Шу хусусда батафсил маълумот берсангиз?
Ҳ.Тоирова, Қўқон шаҳри
Жавоб: Амалдаги қонунчиликка асосан нотариал ҳаракатларни бекор қилиш нотариал ҳаракат туридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши мумкин. Масалан, мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни бекор қилиш ҳақидаги битим асосий битимга қўшиб қўйиладиган алоҳида ҳужжат тузиш йўли билан амалга оширилади. Яъни, нотариус тарафларнинг ўзаро хоҳиш-иродаси (аризаси) асосида битимни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида битимни тасдиқлайди. Агар битимда бир тараф ёки иккала тараф юридик шахс бўлса, битимни бекор қилиш вақтида юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб битимни бекор қилиш ҳақидаги қарори (умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруғи ва ҳоказо) ва ёзма хати олинади. Борди-ю, мулк эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлса, нотариус улардан иккинчисининг (мулк олувчининг) битимни бекор қилишга рози эканлиги тўғрисидаги аризасини талаб қилади.
Мулк ижараси шартномасини бекор қилишда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса — уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Қонун ёки шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.
Васиятномаларни бекор қилишда васият қилувчининг васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги аризаси нотариал шаҳодатлантирилиши керак. Бунда васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига, реестрга ва алифбо китобига бу хусусда ёзув киритади. Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда эса васиятноманинг ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўйилади.
Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса — ундан воз кечиши ҳам мумкин.
Шунингдек, қонунчиликда нотариус йўл қўйган хато натижасида ўзи амалга оширган нотариал ҳаракатнинг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу нотариал ҳаракатни белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш учун бу ҳақда прокурорга хабар қилишга мажбур эканлигини белгиловчи қоидалар ҳам назарда тутилган.
Нотариал ҳаракатлар бекор қилинган вақтда тўланган давлат божи қайтарилмайди.
Саволга Фарғона вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Абдулҳаким Зулфиқоров жавоб берди.