Келгусида ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилганим боис ёшларга қаратилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ҳуқуқий асослари мени жуда қизиқтиради. Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз?
Н.Олимова, Қува тумани,
Жавоб: Мустақиллигимизнинг биринчи йилида — 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши бу масала ўша пайтдаёқ давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини тасдиқлайди. Қонуннинг 1-моддасида қайд этилганидек, ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси давлат фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборатдир.
Ёшларга оид давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ва ёшларнинг манфаатларига дахлдор бўлган ижтимоий, иқтисодий ҳамда ўзга муносабатларни тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатларига асосланади.
Агарда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур Қонундагидан ва Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларидагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.
Модомики, гап ҳуқуқий асослар ҳақида борар экан, бу ўринда ёшларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш хусусида ҳам алоҳида тўхталиш лозим. Юқоридаги Қонуннинг 6-моддасига биноан ёш фуқароларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш давлат ва жамоат ташкилотлари, бирлашмалар ва корхоналарнинг ёшларга нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган вазифаларини, шахснинг қадр-қимматини оилада, меҳнат ва ўқув жамоасида, турар жойда ҳар томонлама ҳимоя қилишни ўз ичига олади.
Ёшларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш қонунларимизда белгиланган тартибда вакиллик, ижроия, суд ҳокимияти идоралари, шунингдек, ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш идоралари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилади.
2014 йилнинг 6 февралида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниши билан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликка жавобан эса ёшлар фан олимпиадалари, турли кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақалари орқали ўз иқтидорини намоён этиши лозим.
Саволга Қува туман ФҲДЁ бўлими мудираси Нилуфар Толипова жавоб берди.