Кўпинча, нотариал идораларда шартнома тузаётганимизда муомала лаёқати текширилди ёзувини кўрамиз, шунингдек, матбуот саҳифаларида ҳуқуқ лаёқати, деган сўзларга кўзимиз тушади.
Савол: Хўш, фуқаролик ҳуқуқ лаёқати нима-ю, фуқаролик муомала лаёқати нима?
А.Акбаров, Олтиариқ тумани
Жавоб: Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати, одатда, у туғилганида вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди. Баъзан ҳуқуқ лаёқати бола туғилганга қадар ҳам вужудга келади, фақат бола туғилса, Мерос ҳуқуқига кўра, очилажак меросда ҳомиланинг ҳам ҳуқуқ лаёқати ётади.
Муомала лаёқати — фуқароларнинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқатидир. Тўла муомала лаёқати соҳиби қонун йўл қўйган исталган турдаги юридик ҳаракатларни қилиши мумкин (масалан, шартномалар тузиш, етказилган зарарни тўлаш каби).
Муомала лаёқатининг ҳуқуқ лаёқатидан фарқи шуки, барча фуқаролар ҳам муомала лаёқатига эга бўлавермайдилар. Муомала лаёқатига эга бўлишнинг шарти шуки, муомала лаёқатига эга бўлган фуқаролар ақли расолик билан ўз ҳаракатларининг оқибатларини тушуниб ҳаракат қиладилар. Маълумки, янги туғилган бола тўла ҳуқуқ лаёқатига эга бўлса ҳам ўз ҳаракатлари билан биронта ҳуқуқ ва мажбурият ола олмайди. Тўла муомала лаёқати 18 ёшдан бошланади.
Саволга Олтиариқ туман 1-сон ДНИ нотариуси Ҳусанбой Абдуллаев жавоб берди.