МЕН айни пайтда коллеж ўқувчисиман. Келгусида ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилганим боис ҳуқуқий мавзуга оид кўрсатувларни қизиқиш билан кузатиб бораман

— Яқинда ана шундай кўрсатувлардан бирида “Ички назорат қоидалари”, деган жумлани эшитиб қолдим. Аммо у нималигини яхши тушунмадим. Шу хусусда батафсил тушунча берсангиз?

Азиза Равшанова, Қува тумани

— Дарҳақиқат, 2009 йил 13 октябрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти томонидан “Нотариал идоралар ва адвокатлик тузилмаларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризм­ни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарор имзоланган.

Нотариал идоралар ва адвокатлик тузилмаларининг ички назорат қилиш мақсадлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш, ўзларини қасддан ёки қасддан бўлмаган жиноий фаолиятга жалб қилинишига йўл қўймаслик кабилардан иборат. Алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни ўша операция бажарилиши зарур бўлган санадан эътиборан уч иш кунига тўхтатиб туриш ҳамда бу ҳақда ўша куннинг ўзидаёқ Департаментни хабардор этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материаллар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида сақланишини таъминлаш, сўровномалар бўйича мижозлар базасидан террорчилик фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ бўлган шахсларни аниқлаш ички назорат вазифалари сирасига киради.

Мижоз томонидан зарурат туфайли сўралаётган, шу жумладан, топшириқ берувчи (агар мижоз ишончли вакил сифатида иш юритаётган бўлса) ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш сабабсиз рад қилинса, у амалга оширилаётган битимга нисбатан махфийлик масалалари билан ортиқча ташвишланса, мижоз хизмат кўрсатишнинг (юридик ёрдам) фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлса, шунингдек, мижоз томонидан айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофот таклиф қилинса, битимга мижоз фаолиятига мувофиқ келмайдиган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилса, мижоз ҳақида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек, кўрсатилган боғланиш маълумотлари, хусусан, почта ва электрон манзили, телефон рақамлари ва электрон канал маълумотлари бўйича мижоз билан алоқа ўрнатиш имконияти йўқ бўлса, маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим қилиш асоссиз кечиктирилса ёки мижоз томонидан текшириб бўлмайдиган, битим иштирокчилари тўғрисида била туриб ёлғон ахборот ва маълумотлар тақдим этилса, агар мижоз ёки операция иштирокчиларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризм­ни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатда доимий яшайдиган, турган ёки рўйхатдан ўтказилган бўлса, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция шубҳали, деб топилиши мумкин.

Ички назорат қоидалари бузилганда, айб­дор шахслар қонуний жавобгарликка тортилади.

Саволга Қува туман 2-сонли давлат нотариал идораси

нотариуси Шамсиддин Шарипов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш