Қизимнинг исмини ўзгартирмоқчиман

— Қизимнинг исми Машрабхон. Ёши ўн иккида. Исмини Мадинахонга ўзгартирмоқчимиз. Бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Замирахон ЗИЁДОВА, Бешариқ тумани

— Исмни ўзгартириш учун яшаш жойингиздаги ФҲДЁ бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз керак:

— ота-она паспортидан нусха;

— қизингизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;

— туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви нусхаси.

Сўнгра тегишли тартибда ФҲДЁ бўлимида ота-она номидан ариза ёзилиб, ушбу аризада қизингизнинг розилиги ҳам кўрсатилади.

— Мен никоҳга киришда турмуш ўртоғимнинг фамилиясини танлаган эдим, аммо энди ўз фамилиямга ўтмоқчиман. Буни қандай амалга ошириш мумкин?

Нилуфар САИДБОБОЕВА, Бешариқ тумани

— Агар сиз никоҳга киришда турмуш ўртоғингизнинг фамилиясига ўтишни танлаб, ҳали паспортингизни алмаштирмаган бўлсангиз, у ҳолда, никоҳгача бўлган фамилиянгизга қайтиш учун яшаш жойингиздаги ФҲДЁ бўлимига ариза беришингиз мумкин. Никоҳ далолатнома ёзувига ўзгартиш киритилади. Бунда сиз ФҲДЁ бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этасиз:

— Паспорт нусхаси;

— Никоҳ гувоҳномаси ва никоҳ далолатнома ёзуви нусхаси.

— Ота-онамнинг фамилияси Заидов, аммо, менинг туғилганлик гувоҳномамда улар Зоидов кўрсатилганлиги сабабли мен отамнинг номидаги уйга прописка қилдира олмаяпман. Буни қандай тўғрилаш мумкин?

Одилбек ЗОИДОВ, Бешариқ тумани

— Агар сиз вояга етган бўлсангиз, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидаги ота-онангиз фамилиясини тузатиш учун ота-онангизнинг никоҳ гувоҳномаси, паспорт нусхалари, отангизнинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви нусхаси, паспортингиз нусхаси ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномангиз билан ФҲДЁ бўлимига мурожаат этасиз. Агар отангизнинг барча ҳужжатларида Заидов кўрсатилган бўлса, у ҳолда ота-онанинг фамилияси тузатиш киритиш йўли билан тўғриланади. Вояга етмаганларнинг далолатномаларига тузатиш киритиш уларнинг ота-оналари аризаси билан амалга оширилади.

Саволларга Бешариқ тумани ФҲДЁ бўлими

мудири Хосиятхон МАМАЖОНОВА жавоб берди.  


Рўйҳатга қайтиш