Икки тушунчанинг аниқ фарқи нималарда кўринади? Шу ҳақда маълумот берсангиз.
Р.Бойматов
Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 101-моддасига кўра, битимлар-фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади. Битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар) бўлиши мумкин.
Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади.
Шартнома тузиш учун икки тараф (икки тарафлама битим) ёки уч ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак.
Яъни битимлар бир тарафлама ҳам тузилиши мумкинлиги ва аксинча, шартномалар эса фақатгина икки тарафлама ёки кўп тарафлама тузилиши жиҳатидан фарқланади.
Битимлар тузишда ёшнинг аҳамияти борми? Ёки вояга етмаган шахслар ҳам битим тузиши ҳуқуқига эгами?
Р.Мирзарахимов,
Фарғона вилояти Фарғона шаҳри
Битимларнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини ҳисобга олишда ёшнинг аҳамияти бор албатта. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 29-моддасига асосан, олти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган кичик ёшдаги болалар мустақил равишда майда маиший битимлар, текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар ҳамда қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этиш борасидаги битимлар тузишга ҳақли ҳисобланади
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 117-моддасига асосан, юқоридаги санаб ўтилган битимлардан бошқа турдаги битимлар ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан тузилган тақдирда ушбу битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланишига олиб келади.
Саволларга Фарғона вилояти Қўқон шаҳар
5-сонли давлат нотариал идораси нотариуси
Анваржон Рўзиматов жавоб берди