Ажрашгунимизга қадар 10 йил бирга яшаган давримизда автомашина сотиб олганмиз ва автомашинани эримнинг номига расмийлаштиргандик. Мен ушбу машинага эгалик ҳуқуқини талаб қилишим ёки автомашинадан улуш олишга ҳаққим борми?
Д.Умарова Фарғона вилояти, Бувайда тумани
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 23-моддасига асосан, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Шунингдек, эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади ва сиз юқоридаги ҳолат юзасидан улуш олишга ҳақлисиз.
Ушбу ҳолат юзасидан турмуш ўртоғингиз билан келишувга эриша олмасангиз Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 223 ва 225-моддаларига асосан, фуқаролик судига мурожаат этишингиз мумкин.
Эр ва хотин бирга яшаган даврда орттирилган қандай мол-мулклар уларнинг никоҳи тугатилгандан кейин тақсимланишига йўл қўйилмайди. Ёки никоҳ даврида фарзандларга олинган мол-мулклар кимниг ихтиёрида қолади. Шу ҳақида маълумот берсангиз?
А.Усманов
Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 25 ва 27-моддасига асосан, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади ва никоҳ тугатилганда тақдирда ҳам ушбу мол-мулкларнинг ҳар бири ўз эгасида қолади ва тақсимланмайди.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.
Шунингдек, никоҳ давомида вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар (кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади.
Саволларга Фарғона вилояти Бувайда тумани
ФҲДЁ бўлими мудираси Б.Назарова жавоб берди