Васиятнома-фуқаронинг сўнгги ҳоҳиш иродаси

Савол: Ўз ҳовли-жойимни ўғлимга васият қилиб қолдирган эдим. Лекин ўғлим тўсатдан вафот этиб қолди. Туманимиздаги нотариусга васиятномани ўзгартириш юзасидаи ариза билан мурожаат қилсам бўладими?

М.Сиддиков, Яйпан шаҳар

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1127-моддаси 1-қисмига мувофиқ, васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалигича бекор қилишга ёки унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли. Шу туфайли Сиз васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш юзасидан ўзингиз яшаб турган тумандаги нотариал идорага мурожаат қилишингиз мумкин.

Савол: Ёшим 73 да. Турмуш ўртоғим вафот этган. 5 та фарзандим бор. Тириклигимда менга тегишли бўлган барча мол-мулкимни фарзандларимга васият қилиб қолдирмоқчимаи. Васиятнома нотариал идорада ёзма тузилар экан. Лекин касаллигим туфайли ёза олмайман. Мени номимдан васиятнома ўзга бир шахс томонидан имзоланиши мумкинми?

Л.Исмоилова, Ўзбекистон тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фукаролик кодексининг 1124-моддасига асосан, агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда нотариус Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятномага дахлдор маьлумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслигини тушунтиради ва бу хақда васиятнома матнида тегишли ёзувда қайд этади.

Савол: Қизимга ўз ҳовли-жойимни васият қилиб қолдирганман. Васиятномани тасдиқлаш билан боғлиқ нотариал ҳаракатлар Бешариқ тумани давлат нотариал идорасида амалга оширилган. Ҳозирги кунда эса мен Ўзбекистон туманидаги Ҳасанобод қишлоғида яшайман. Васиятномани ўзгартириш юзасидаи Ўзбекистон туманидаги нотариал идорага мурожаат қилсам бўладими?

К.Норматов, Ўзбекистон тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, васият қилувчи исталган вақтда васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақида ўзи ҳоҳлаган нотариал идорага мурожаат этишга ҳақли.Бундай ҳолатда нотариус васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақидаги аризани кечиктирмасдан васиятнома тасдиқланган ёки сақланаётган тегишли нотариал идорага юбориши шарт.

Саволларга Ўзбекистон тумани

давлат нотариал идора нотариуси

М.Қўчқарова жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш