Такрорий гувоҳнома қандай ҳолларда ва қай тартибда берилади?

Ҳаёт турли тасодифларга жуда бой. Кундалик турмушимиз мобайнида салгина лоқайдлигимиз туфайли у ёки бу ҳужжатни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Ёхуд айрим бахтсиз ҳодисалар туфайли уларга шикаст етиши ҳам бор гап.

Албатта, йўқолган ҳужжат йўқолганича, шикастлангани фойдаланишга яроқсизлигича қолиб кетавермайди. Бундай муаммони ҳал қилиш учун тегишли туман, шаҳар ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш зарур.

Далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси сақланаётган ФҲДЁ бўлими манфаатдор шахсларнинг аризаларига кўра ва тегишли далолатнома ёзувлари асосида такрорий гувоҳномалар беради. Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзуви қайд этилган тегишли шахснинг ўзига, унинг ота-онасига ёки қонуний ишончномалар асосида бошқа шахсларга, ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳномалар эса марҳумнинг яқин қариндошлари ва меросхўрларига берилади. Никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги такрорий гувоҳномани никоҳланган шахс­ларнинг ўзлари олишга ҳақлидирлар. Никоҳдан ажратилганда никоҳ қайд этилганлиги ҳақида такрорий гувоҳнома берилмайди. Болалар ва муомалага лаёқатсиз шахсларга бундай гувоҳномалар уларнинг ота-оналари (фарзандликка олганлар), васийлари, ҳомийлари, болаларни ижтимоий ҳимоялаш муассасаси маъмуриятларининг аризалари бўйича берилади.

Такрорий гувоҳнома олиш тўғрисидаги аризада гувоҳнома қандай сабабга кўра талаб қилинаётганлиги кўрсатилиши керак. Такрорий гувоҳнома олишни хоҳловчи шахс далолатнома ёзувларини қайд этган ФҲДЁ органига бевосита ёки ўзи яшаб турган жойдаги ФҲДЁ бўлими орқали мурожаат қилиши мумкин. Такрорий гувоҳнома мурожаат этилган куниёқ берилади. Ҳарбий хизматни ўтаётган шахсларнинг такрорий гувоҳномалари ҳарбий қисмга жўнатилади.

Агар такрорий гувоҳнома сўраб мурожаат этилган ФҲДЁ бўлимида тегишли далолатнома ёзуви йўқ бўлса, ФҲДЁ бўлими аризани ва далолатнома ёзуви йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани шаҳар, вилоят ФҲДЁ архивига тегишли текширув ўтказиш ҳамда такрорий гувоҳнома бериш учун юборади. Борди-ю, архивда ҳам далолатнома ёзуви бўлмаса, аризачига тегишли маълумотнома юборилади.

Такрорий гувоҳнома олишда ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилиши керак. Алоҳида ҳолларда (далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси йўқолганда, иккинчи нусхаси бўйича гувоҳнома олиш қулай бўлганда) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ФҲДЁ архивлари далолатнома ёзувининг биринчи ва иккинчи нусхаларининг айнан бир хиллигини текширгандан сўнг туғилганлик, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажралганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар беради. Бундай гувоҳномаларнинг юқори қисмига “Такрорий” деган белги қўйилади.

Дилфуза Қўзиева, Тошлоқ тумани ФҲДЁ бўлими мудири 


Рўйҳатга қайтиш